Болалар ўлими, Эпштейннинг ўзбекистонлик “қиз дўсти” ва қотилликлар - Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
09:30 1200 16 дақиқа
1 ёшли қизини ўлдирган ота қамалди. Эркак 9 яшар қизи доктор айби билан ўлганини айтмоқда. У боласининг қабрини очишга ҳам рози. Фирибгарлар авжида, 15 миллион ўзбекистонликнинг маълумоти сотилаётган бўлиши мумкин. Хўш, нарх қанча? Опасига смс ёзган йигитни бўйнига пичоқ тиққан ука қамалди. Давлат бюджети ҳисобидан иқтидорли ўқувчилар ўрнига фарзандларини хорижга юборган самарқандлик мулозимга чора кўрилди.
Бу ҳафтда 4 та ўзбек қизининг тақдири билан боғлиқ турли ва аянчли воқеалар муҳокама марказига чиқди. Кетма-кет барчасига тўхталамиз. Улардан энг даҳшатлиси Фарғонада содир бўлган. Унда ота ўзининг бир ёшли қизини пичоқлаб ўлдирган. Бу вазиятда ота сўзини ишлатиш бир оз қийин, тўғриси. Ҳарҳолда “дада” деган номни биологик жиҳатдан кўпчилик олиши мумкин. Аммо, ота мақомига ҳар ким ҳам эриша олмайди. Исботини кўп кўряпмиз.
Тўпланган суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, эркак ҳамда унинг хотини ўртасида ўзаро тушунмовчилик сабабли жанжал юзага келган. Уруш давомида эркак гўёки аёлидан қасд олиш мақсадида ҳимоясиз, ожиз ва икки кап-катта одамнинг ўзаро келишмовчилигига зиғирча ҳам айбдор бўлмаган боласига пичоқ тиққан. Қизалоқ шифохонага олиб борилган, тезкор тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ барибир аламзада кимсанинг қурбонига айланган.
Ҳолат жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида кўриб чиқилди. 31 ёшли мавжудодга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисмининг “в” банди билан 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Фарғонада ота ўз қўли билан қизини гўрга тиққан бўлса, Қашқадарёда эркак 9 ёшли қизининг қабрини очишга ҳам рози бўлмоқда. Бу орқали у фарзанди касаллик туфайли эмас, шифокорларнинг айби сабаб вафот этганини исботламоқчи.
Гап шундаки, QALAMPIR.UZ’га Қашқадарё вилоятининг Касби тумани Қамаши қишлоғида яшовчи фуқародан мурожаат келиб тушган эди. Унда эркак 2016 йилда туғилган фарзандига 8-сонли поликлиника шифокорлари томонидан нотўғри равишда антибиотик осма укол қилингани, бунинг оқибатида қизи вафот этганини билдирган.
Экспертиза хулосаларини ўрганиб чиқдик. Унда эса жиддий зиддиятлар мавжуд: биринчи хулосада ўлим сабаби ошқозон билан боғлиқ деб кўрсатилган, иккинчи хулосада юрак хасталиги қайд этилган, учинчи хулосада эса жигар циррози деган ташхис ёзиб берилган.
Марҳуманинг отаси ҳам ушбу хулосаларни кескин рад этиб, қизи соғлом бўлгани, фақат ўша куни банан еб, ортидан сув ичгани учун қорни оғриб поликлиникага боргани, бунгача қизининг соғлигида ҳеч қандай муаммо бўлмаганини айтмоқда. Ушбу воқеалар фонида Зоҳиджон Баратов айбдорлар ўз жазосини олиши учун қизининг қабрини очишга ҳам розилигини билдирди.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZ’га маълумот беришича, мазкур ҳолат юзасидан Касби тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, 30 августда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (Реабилитация учун асослар) 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бироқ, QALAMPIR.UZ ҳолатни ўрганишни бошлагандан сўнг мазкур қарор ва тўпланган ҳужжатлар назорат тартибида ўрганилиб, жорий йилнинг 2 февраль кунида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинган ва терговга қадар қўшимча текширув ҳаракатлари ташкиллаштирилган.
Яна бир жиноят иши очилишига ва 3 ёшли қизнинг ўлимига сабаб бўлган ёнғин ҳақида яна гапиришга мажбурмиз. Ўтган ҳафтанинг сўнгида, 31 январь куни Яшнобод туманидаги “Авиатор” савдо-кўнгилочар марказида чиққан ёнғиннинг қора тутуни Тошкент осмонига кўтарилган бўлса-да, деярли бутун Ўзбекистон халқининг юрагини зулматга тўлдирди.
Воқеа содир бўлган жойга тезкорлик билан етиб борган ҳамкасбларимиз, гувоҳларни суҳбатга тортди. Улар аламли ҳамда жиддий эътибор қаратиш керак бўлган камчиликлар ҳақида гапиришди. Олов болалар майдончасининг шифт қисмида келиб чиққан. Дастлаб кичик чақнаш бўлгани, кейин эса ҳамма яна ўз ишида давом этавергани ҳақида айтганлар ҳам бор.
Шахсини очиқлашни хоҳламаган гувоҳнинг айтишича, ўт чиққанидан кейин жуда қисқа вақт ичида бино қора тутунга тўлган, ҳеч нарса кўринмай қолган. Ота-оналар фарзандларини олиб чиқиш учун ўзларини ичкарига отган, болалар эса ваҳимада нима қилишларини билмай қолган. Бу пайтда бинода сув пурковчи ускуналар ишламагани, фавқулодда вазиятларда чиқиш йўлакларини кўрсатувчи белгилар бўлмагани, умуман бинода бундай эҳтимолий вазиятларга тайёргарлик етарли даражада эмаслигини бошқа бир гувоҳ айтиб ўтди.
2 февраль куни, мазкур ҳолат юзасидан “нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотда мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш” ва “ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш” билан жиноят иши қўзғатилди.
Бу фалокатдан сўнг кўплаб фуқароларда турли кўнгилочар ва савдо марказларига боришда хавотир кучайди. Ижтимоий тармоқлар фикрлар ва талабларга тўлди. Шу сабаб, 5 февраль куни Тошкент шаҳри ҳудудида одамлар гавжум бўлиши мумкин бўлган биноларнинг фавқулодда вазиятлар, хусусан, ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан давлат ёнғин назорати органлари томонидан текширувлар ўтказилди.
Натижа эса хавотирли. 7 та туманда жами 10 та кўнгилочар савдо мажмуаларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг қўпол равишда бузилгани аниқланган. Келтирилишича, мазкур камчиликлар инсонлар ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф солган. Шу сабабли, белгиланган тартибда ушбу аниқланган камчиликлар тўлиқ бартараф этилгунига қадар объектларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилди.
Назорат кучайтирилиши яхши, аммо мана шундай рейдлар қилиниши, текширувлар амалга оширилиши учун, албатта кимдир қурбон бўлиши шартмиди? Масъулият пайдо бўлиши учун кимдир олов ичида қолиши керакмиди? Саволлар кўп, бироқ ҳозир Ўзбекистонда “ўт балоси” деб таърифланадиган мавзудан, дунё миқёсида катта шахс сифатида тан олинганларнинг “обрўсини ёқиб, кулга айлантираётган” Эпштейн ҳужжатларига ўтамиз. Батафсил эмас, ўзбекларга алоқадор қисмига.
Болаларни зўрлаш, педофиллар учун зиёфат ташкил қилиш ва кўплаб бошқа жирканч ишларда айбаланаётган кимса билан Ўзбекистон фуқароси ҳам ёзишиб юргани маълум бўлди. Дастур аввалида айтганимиз, тўртинчи қиз ҳикоясига ҳам етиб келдик. У ҳақида нималар маълум ўзи? Қиз Эпштейн билан E-mail ва Skype орқали гаплашиб юргани, жинсий жиноятларда инсон фантазиясига келиши қийин бўлган даражадаги ишларни содир этган шахс билан хабарлашган пайтида 19 ёш бўлгани эълон қилинган ҳужжатлардан маълум бўлди.
Қиз оғир муҳитда яшаши, шу туфайли кунига 2 маҳал овқат еяётгани, тишларини соғломлаштириш учун брикетлар кераклиги, ота-онасининг калтакларидан тўйиб кетгани, ёмон отлиқ қилингани, Малайзия ёки Америкага кетиб, у ерда ўқиш истаги борлиги, ўз ҳаётини ўзгартирмоқчилиги, модель бўлиш учун ҳаракат қилаётгани, бунга катта миқдорда пул кераклиги ҳақида ёзган. Эълон қилинган файлларда интим муносабатлар, севги изҳорлари, соғинч ҳисси ҳақида ҳам кўплаб гаплар бор. Бундан ташқари, Эпштейн уни ўз дўстлари билан бўладиган айрим “учрашувлар”га тайёрлаган, у бу учрашувларда ташқи кўриниши билан ёқиши керак бўлган.
Қизнинг “Мен сенга ва дўстларингга ёқиш учун бор кучимни сарфлаяпман. Бурунда зирак йўқ, макияж ҳам йўқ” деб ёзган хабарининг расмлари ҳам эълон қилинди. Қолаверса, Эпштейн қизга 25 минг АҚШ доллари юборгани ва хориждаги сафарлари учун авибилет харажатларини қоплагани ҳам маълум бўлди.
Бу маълумотлар ошкор бўлгач, ўзбек жамиятида турли муносабатлар урчийди. Қизни ҳақорат қилаётганлар, айблаётганлар ва уни тушунишга ҳаракат қилаётганлар ҳам бор. Аммо, бир нарсани унутмаслик керак. Эпштейн энг катта жиноятчи ва у алоқа ўрнатган қиз ҳамда аёлларнинг барчаси жабрланувчи. Улардан фойдаланилган!
QALAMPIR.UZ жамоаси қизнинг бундан қарийб 10 йил аввал Чилонзор туманида яшагани, Тошкентдаги Westminster университети ва Куала-Лумпурдаги Staffordshirе университетида электрон тижорат йўналишида таҳсил олгани, Парижда кинорежиссура курсини тамомлагани, қурилиш компаниясида ҳудудий менежер ва таржимон, шунингдек, инглиз тилидан репетитор бўлиб ишлаганини аниқлади.
Бир неча кундан бери ўзбек аудиториясидаги асосий саволга айланган бу масала бўйича журналист Азиза Қурбонова ҳам очиқ маълумотларни қидиргани ва унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасини топганини маълум қилди. Қурбонованинг айтишича, қиз ҳозир Ўзбекистонда хотиржам ва тинч ҳаёт кечиряпти.
Эпштейнга алоқадор, оммага чиқарилаётган ҳужжатлар бутун дунёни шок ҳолатига тушираётган пайтда ўзбекистонликлар шахсий маълумотлари хаккерлар қўлига тушиб қолганидан хавотирда.
3 февраль куни 15 миллиондан кўпроқ Ўзбекистон фуқароларининг маълумотлари Даркнетга чиқиб кетгани ҳақидаги хабар тарқалгани ёдингизда бўлса керак. Фуқаролар маълумоти тарқаб кетиши жорий йилнинг 15–31 январь кунлари онлайн шаклда ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнлари якунланиши билан содир бўлгани кўплаб саволларни келтириб чиқарди. Ва бу фаразда мантиқ ҳам бор. Ҳарҳолда 15 млн фуқаро ҳақидаги йирик маълумотлар базаси исталган жойдан топиладиган нарса эмас. Аммо Статистика қўмитаси рўйхатга олиш учун тўпланган барча маълумотлар алоҳида серверларда шифрланган ҳолда сақланаётганини маълум қилди. Фуқароларнинг шахсий маълумотлари тўлиқ ҳимоялангани, рўйхатга олиш жараёнида ҳеч бир фуқаронинг фотосурати олинмагани ва маълумотлар базасига расм юкланмагани ҳам қайд этилди.
Аҳоли вакилларининг ҳаммаси ҳам бу расмий муносабатга ишониб юбормаяпти. Чунки айрим саволлар ҳалигача очиқ қолмоқда. Маълумотлар тарқалганига ким жавоб беради? Сабаб ва оқибатлар қандай? Хавф даражаси қанча? Бу каби саволларга жавоб топиш учун QALAMPIR.UZ “Маълумотларингиз сотиляпти” сарлавҳаси билан алоҳида таҳлилий материал тайёрлаган. Уни томоша қилишингиз мумкин. Унда бир неча йил аввал Сенат сайтини бузиб кирган 15 ёшли ўсмирлар ҳақида ҳам эслатиб ўтилган. Ҳа айтганча, Сенатнинг шу ҳафтада ўтказилган ялпи мажлисида кўпчилик кутган гаплар айтилди.
Сенатор Абдусаид Кўчимов россиялик пропагандистларга кескин жавоб қайтарди. “Бизга таҳдид соладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайча ёки қашқирга қарши ўз жойида қатъий жавоб беришимиз керак”, деди у. Сенатор нутқида шоир Абдулла Ориповнинг “Карвон¨ шеъри сатрларига ишора қилиб, миллат ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишда муросасизлик тамойилини таъкидлаган.
Ўзбекистон томонига айтилган ҳар қандай салбий гапга мана шундай кескин жавоб берилиши керак! Бу ишни шунчаки жамоатчилик фаоллари ўзининг Инстаграм ёки Телеграм саҳифасида бажариб келаётганди. Расмий тарзда Ташқи ишлар вазирлиги даражасида қатъий жавобни кўрмагандик. Энди Олий Мажлис сенатининг ялпи мажлисида бу мавзу муҳокама қилингани, албатта қувонарли ҳолат.
Ташқи сиёсатга ўтамиз. Жорий йил, 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Исломободга борди. Покистон ҳаво ҳудудида олий мартабали меҳмоннинг самолётига ушбу мамлакат Ҳарбий ҳаво кучларининг қирувчи учоқлари ҳамроҳлик қилди. Покистонда бу ҳаракат дипломатик алоқларда юқори даражадаги ҳурматни англатади. “Нурхон” аэропортида давлатимиз раҳбарини Покистон Президенти Асиф Али Зардорий, Бош вазир Шаҳбоз Шариф ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазири стратегик шерикликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб бердилар.
Ташрифи доирасида Исломободдаги кўчалардан бирига Тошкент ва янгидан барпо этиладиган боғга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини бериш маросими ташкил этилди. Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Покистон Миллий фан ва технологиялар университетининг фахрий доктори ва профессори унвонларини бериш маросими бўлиб ўтди.
6 февраль куни эса “Айвони Садр” қароргоҳида Ўзбекистон етакчисига “Нишони Покистон” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди. Президент Асиф Али Зардорий Покистоннинг олий мукофотини Ўзбекистон раҳбарига тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон сўнгги йилларда ташқи сиёсат бобида анчагина фаол. 4 февраль куни Саида Мирзиёева ҳам Абу-Дабидаги глобал форумда иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Шайх Зоид номидаги “Инсоний биродарлик” халқаро мукофоти тақдирлаш маросими доирасида ўтказилган глобал форумнинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.
“Инсоний биродарлик мажлиси” деб номланган йирик анжуманда хорижий мамлакатларнинг биринчи хонимлари, Нобель мукофоти соҳиблари, БМТ агентликлари ва етакчи халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БАА ва Кўрфаз давлатларининг юксак мартабали сиёсатчилари, вазирлар ва давлат арбоблари, шунингдек, технология ҳамда сунъий интеллект этикаси соҳасидаги етакчи олимлардан иборат 150 нафар нуфузли меҳмон иштирок этган.
Кучли жамият шаклланиши учун бутун халқ биргаликда ҳаракат қилиши жуда муҳим. Айниқса, бу йўлда масъуллар ва лавозим эгалари ўзига берилган имкониятдан шахсий манфаати учун эмас, адолат меъзонида қарор қабул қилиши катта аҳамиятга эга. Бу каби гаплар ақллилик қилишдек туюлса-да, рад қилиб бўлмас ҳақиқат. Исботи билан гапирамиз.
Самарқанд вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти томонидан Россияга юборилган хизмат сафарида иштирок этиши лозим бўлган иқтидорли ўқувчилар ўрнига айрим мансабдор шахсларнинг яқин қариндошлари жўнатилган.
Бошқарма раҳбари Музаффар Ҳамдамов расмий делегация таркибига ўз ўғли ва жиянини қўшиб юборган. Бу ҳақда самарқандлик блогер ва фаол Хайрулла Мамасолиев маълум қилди.
“Бўлсанг валломатнинг боласи бўл экан-да, бюджетдан келган тортни ҳам сен ейсан, печеньени сен ейсан, жа қорнинг тўймай қолса, қора халқнинг қўлидаги нонни ҳам сен ейсан, яшавор Василий, шоввоз...”, деб ёзган у.
Қизиқ жиҳати шундаки, мулозим ижтимоий тармоқлардаги изоҳларида бу иш нотўғри ва ҳатто гуноҳ эканини билмаганини ёзган. Унинг гапларини ҳақиқатда афсус эмас, кесатиш сифатида қабул қилганлар кўп.
“Менинг ўғлим борган тадбирда иштирок этган! Ёнида жияним ҳам борган. Афсусдаман! Шунчалик катта гуноҳлигини билганимда рухсат бермасдим! Улуғбекнинг айби бошқарма бошлиғининг ўғли экани. Нотўғри, менинг ўғлим Улуғбекнинг бориши нотўғри! Унга бориш хайф. Тўғри айтяпсизлар! У бола ҳамма қатори аълочимас! У бола, менинг ўғлим, айтганимни қилиб борган, боргиси келмаса ҳам борган! Тан оламан, нотўғри борган”, деб ёзган Ҳамдамов.
Ҳолат муҳокамаларга сабаб бўлгач, текширув ўтказилган. Қизиқ томони, бу жараёнда, хорижга юборилган 8 нафар ўқувчининг ярмидан кўпи бошқарма раҳбари ҳамда бошқа масъул ходимларнинг фарзандлари бўлган. Бу ҳолат давлат бюджети маблағларидан нотўғри фойдаланилганини кўрсатади. Шу сабаб Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов қонунбузарларга нисбатан чора кўрилганини маълум қилди. Кўрилган чоралар доирасида маҳаллий бюджетга 28 миллион сўм маблағ қайтарилган.
Мактабларда ҳақиқий аълочилар ва иқтидорлилар ўрнига бошқалар қўллаб-қувватланиши, албатта ачинарли ҳол. Аммо, бу вазиятга умуман алоқадор бўлмаган, бироқ адолат юзасидан яна бир савол пайдо бўлади. Қайсидир раҳбарнинг фарзанди ростдан ҳам билимли ва зукко бўлса, яъни юқоридаги каби делегация таркибига киришга муносиб бўлса унда қандай йўл тутилади? Олиб кетилса, отаси ёки онасинининг амали сабаб деб кўрилади. Олиб кетилмаса, синфдаги энг аълочиси у. Қизиқ ҳолат. Эҳтимол мана шундай вазиятларда еса ҳам, емаса ҳам оғзи қонлиги айтиладиган бўрининг тасвири хаёлларимизда пайдо бўлади.
Бизнинг мактаблардаку якунланаётган ҳафтада мана шундай муаммо юзага чиқди, аммо хориждаги илм даргоҳларида ҳақиқатда қонли жанжаллар юзага келди.
Россияда 9-синф ўқувчиси ўқитувчи ва синфдошларига автоматдан ўқ узди. Ходиса 3 февраль куни содир бўлган. 15 ёшли ўсмир дарсга пластик пневматик автомат билан кириб, ўқитувчи ва уч нафар синфдошига бир неча марта ўқ узган ҳамда петарда портлатган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким вафот этмаган. Сабаб сифатида эса синфдошларининг унга нисбатан ёмон муносабати кўрсатилди.
Худди шунга ўхшаш воқеа 6 февраль куни Озарбайжонда ҳам содир бўлди. Пойтахт Баку шаҳридаги хусусий мактаб ўқувчиси отасининг ов қуроли билан ўқитувчисини отиб қўйди. Устоз ўрта даражада жароҳат олган.
Қозоғистон Ғарбидаги Кулсари шаҳридаги мактабда эса 10-синф ўқувчиси тенгдошларига болта билан ҳужум қилди. Ҳодиса оқибатида икки мактаб ўқувчиси енгил жароҳат олган. Ўша куннинг ўзидаёқ ўсмир ҳибсга олинган. Аниқланишича у синфдошлари томонидан мазах қилингани учун шундай йўл тутган. Ҳодисанинг барча иштирокчилари ва уларнинг ота-оналари полиция бўлимига олиб кетилган, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари безорилик моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Ҳа, замон нозик. Ҳамма агрессияда.
Хоразм вилоятида ҳам опасига ишқий мазмундаги уятсиз смс хабарлар ёзган танишининг бўйнига пичоқ тиққан эркак қамалди. Ҳужжатларга кўра 28 ёшли эркак Россияда ишлаб юрган пайтида, 2025 йилнинг июнь ойи охирида опаси унга йиғлаб мурожаат қилган. Маҳалладоши анчадан бери унга ишқий мазмундаги хабарлар ёзиб безовта қилаётгани, ҳатто жинсий яқинлик таклиф қилганини айтган. Шу кундан бошлаб эркак қасд олишни режа қилиб юрган.
Июль ойида Ўзбекистонга қайтган судланувчи, 2025 йил 28 июль куни 01:45 атрофида жабрланувчининг олдига бориб, машинасига миндирган ва суҳбат орасида унга ташланган. Жабрланувчининг бўйин соҳасига бир марта пичоқ билан зарба берган. Иккинчи зарбани беришга уринган пайтда эса маҳалладоши ҳимояланиб, қочиб қолган.
Жабрланувчига ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилгани сабабли унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Суд-тиббий экспертизасига кўра, олинган жароҳатлар инсон ҳаёти учун ўта хавфли бўлган ва агар пичоқ бир оз чуқурроқ санчилганида, ўлимга олиб келиши мумкин бўлган. Эркак Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Сизга ҳам сўнгги вақтларда жиноятлар сони кўпайгандек туюлаётган бўлса керак. Буни статистика ҳам тасдиқлайди. Таҳлилларга кўра, 2025 йилда 23 973 нафар ёшлар жиноят содир этиб, судланган. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятларида энг юқори кўрсаткич қайд этилган. Бу ҳақда Олий суд раисининг биринчи ўринбосари – Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Алишер Усмонов маълум қилди.
Ҳисобот даврида фирибгарлик, автоавария, ўғрилик ва гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар энг кўп содир этилган. Маълумот учун, 2431 нафар 14 дан 17 ёшгача бўлганлар 972 та ўғрилик, 152 та безорилик, 101 та талончилик, 73 та ўртача оғир тан жароҳати етказиш ва бошқа жиноятлар содир этгани учун судланган. Келажак кимнинг қўлида деб савол берилса, биринчи бўлиб кўрсатиладиган ёшларнинг айримлари мана бугун нима билан банд!
Ўзбекистонда оилавий низолар сони ҳам ортиб бормоқда. Қайд этилишича, 2024 йилда 119 минг, 2025 йилда 134 мингдан ортиқ оилавий низолар судда кўриб чиқилган. Ҳисобот даврида кўрилган ишлар ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 12 фоизга кўпайган.
Аммо шукрки яраштириш ишлари ҳам бор. Ўтган йил давомида ажрашиш ёқасига келиб қолган 5 235 та оилалар яраштирилган. Бироқ, бу ҳам хавотирли масала аслида. Ҳарҳолда ота-оналар ва бошқа қариндошлар томонидан: “Чида энди, битта туғсанг ҳаммаси яхши бўлиб кетади”, деб келинлик уйига қайтарилган, гўёки яқинлар томонидан яраштирилган аёлларнинг айримлари охири ўз жонига қасд қилганига бир неча маротаба гувоҳ бўлганмиз.
Жавобгарликка тортиш масаласида қувончли деб айтиш мумкин бўлган яхши хабар ҳам бор. Ўзбекистонда энди ижтимоий тармоқларда “лайк” тўплаш мақсадида қилинган ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкин.
Маълум бўлишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар ва ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси муҳокама қилинган. Ушбу қонун лойиҳаси билан айрим турдаги ҳуқуқбузарликлар, жумладан, телекоммуникация ҳамда ижтимоий тармоқларда уятли сўзлар билан сўкиниш, обуначи кўпайтириш мақсадида ҳуқуқбузарликларни содир этиб, уни тасвирга туширган ҳолда интернетда тарқатиш, ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузувчи бошқа шу каби ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликка тортилиши айтилган. Лойиҳа фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган.
Бу ростдан ҳам муҳим масала. Ҳазил видеолар чегарасини унутиб, одамлар билан жанжал чиқараётган, табиатга зарар келтираётган, йўл қоидаларини бузаётган ва сўнгида шунчаки “пранк эди” деган баҳонани ортига беркинмоқчи бўлганлар кўпайгани рост. Энди улар ҳам ақлларини ишлатишга мажбур бўлишади.
Нурзодбек Воҳидов
Live
БарчасиПушкиннинг чевараси оламдан ўтди
07 Февраль