Болалар учун “ақлли коляска” яратилди
Технология
−
17 Январь 2023
6900Канададаги “Gluxkind” болалар маҳсулотлари стартапининг 2023 йилги кўргазмасида сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган, ўзини-ўзи бошқарадиган “Ella” болалар аравачаси тақдим этилди. Бу ҳақда “24gadget” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, “Ella” болалар аравачасининг функциялари қулайликни таъминлашга ёрдам беради. У ота-оналарни аравачани доимий равишда суриш билан боғлиқ қийинчиликлардан қутқаради. Шунингдек, унда “Rock my baby” иловаси ҳам мавжуд бўлиб, бу илова орқали ота-оналар уйда ёки кўчада бирор иш билан тўхтаганларида ҳам “Ella” чақалоқни бир майлда тебратишни давом эттиради.
Шунингдек, аравача тепага юриш учун иккита моторли, тушишда автоматик тормозлашга ёрдам берувчи тизимлар билан жиҳозланган. Унга ўрнатилган сенсорлар, видеокамералар ва тротуарлар навигация тизими атрофдаги объектлар ва тўсиқларни аниқлаш имконини беради.
Бундан ташқари, аравачанинг ўзига хос жиҳати шундаки, ота-она фарзандини қўлида кўтармоқчи бўлса, “Ellа” йўл четига ўтиб тўхтайди. Шунингдек, қурилма автоматик тебраниш ва оқ шовқин генераторини ҳам таклиф қилиши мумкин, бу эса боланинг дам олиши ва соғлом ухлашига ёрдам беради.
“Ella – ўз туридаги биринчи ақлли аравача. Унга бувимнинг номини қўйганман. Биз аравача ота-оналар ишона оладиган овозсиз дастёр бўлишини истаймиз. У болаларга ҳам, ота-оналарга ҳам ғамхўрлик қилади ва ота-оналарга энг керак бўлганда дам олиш имконини беради”, дейди “Gluxkind” асосчиси Анне Ҳунгер.
Маълумот учун, “Ella” болалар аравачасининг нархи 3300 доллар бўлиб, 2023 йил апрель ойидан бошлаб сотувга чиқарилиши режалаштирилган.
LiveБарчаси