Бола қотиллиги учун қамалган жуфтлик 35 йилдан сўнг оқланди
Олам
−
16 Январь 2022
10957АҚШнинг Теннесси штатида жиянини ўлдиришда айбланган аёл ва унинг севгилиси 35 йилдан сўнг оқланди. Улар боланинг ўлими учун 27 йилга қамалганди.
Девидсон округининг Жиноий суди маълум қилишича, ҳозир 74 ёшли Жойс Уоткинс ва унинг севгилиси бўлган Чарли Данн 1987 йил 26 июнь куни Уоткинснинг 4 яшар қиз жияни Брандини ўзлари билан олиб кетиш учун Кентукки штатига боришади.
Эртаси куни, 4 яшар Бранди танасида ва бошида жароҳатлар билан Нашвилл мемориал шифохонасига хушсиз ҳолда олиб борилади. Шифохонага ётқизилганидан бир кун ўтиб, кичкинтой Бранди ўша ерда вафот этади.
Қизалоқнинг холаси Жойс ва унинг севгилиси Чарли уни уйидан олиб кетганидан сўнг 9 соат мобайнида у билан бирга бўлишган. Тиббий экспертиза қизалоқ айнан мана шу давр мобайнида жароҳатланганини кўрсатган.
Воқеадан бир йил ўтиб, 1988 йилда жуфтлик биринчи даражадаги қотилликни амалга оширгани учун ҳар бири 27 йил муддатга қамалган.
Жойс Уоткинс жазо муддатини ўтаб бўлгач 2015 йилда озодликка чиқди, аммо унинг севгилиси Чарли Данн тўсатдан қамоқхонада вафот этган.
Суд ҳолатни қайта кўриб чиққанида янги далиллар пайдо бўлган. Қизалоқ Бранди оҳирги марта катта холаси Росе Уиллиамснинг уйидан олиб чиқиб кетилган. Терговчилар воқеа жойини кўздан кечирганида қизалоқ танасидаги тан жароҳатларини болалар ўйин майдончасида олганини қизалоқ эса бош миясидаги номаълум касаллик оқибатида ҳушини йўқотиб оламдан ўтганини аниқлаган.
Орадан 35 йил ўтиб Жойс Уоткин ўзининг айбсизлигини исботлаш учун “Tennessee Innocence” лойиҳаси ва Девидсон округи прокуратурасига мурожат қилган.
2021 йил 10 ноябрда жуфтликнинг оқланиши бўйича суд иши кўриб чиқилган ва улар айбсиз деб топилган.
Оқлов ҳукми ўқилганидан сўнг CNN телеканалига интервью берган Уоткин хоним шундай деган:
“Мен барча одамларга мен учун қилган ибодатлари ва ҳаётимнинг ярмини беҳуда сарфлаган бу тартибсизликдан халос бўлишда ёрдам берганлари учун миннатдорлик билдираман, мен бу қийинчилиларни енгиб ўтаман”.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси