“Bola huquqlari” сайти ишга туширилди

Жамият

image

Адлия вазирлиги томонидан “Bola huquqlari” сайти яратилди. 

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан сайтнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Болажонларга аталган янги сайт ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини ошириш, болаларда кичик ёшданоқ қонунга ҳурмат руҳини тарбиялаш мақсадида ташкил этилган.

"Bola huquqlari" сайти "Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги Президент фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида яратилди. Сайт мазмуни икки турдаги аудиторияга мўлжалланган: 14 ёшгача бўлган болаларга ва ота-оналарга. “Bola huquqlari” одатдаги ҳуқуқий сайтлардан фарқли равишда содда ва тушунарли тили ҳамда ёрқин ифода услуби билан ажралиб туради. Матнлар болаларнинг ёшига мос равишда, улар учун тушунарли тарзда баён қилинган. Мазмунни очиб беришда инфографика, образлар ва тасвирий воситалардан унумли фойдаланилган. Ёрқин ва эътиборни тортувчи ранглар, расмлар ва суратлар орқали болалар учун қизиқарли дизайн яратилган", дейди Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева.

Болаларга мўлжалланган контент қисми элементар тартиб-қоидаларни ўргатишдан тортиб мактабгача таълим, мактаб таълими, саломатлик, йўл ҳаракати қоидалари, одоб-ахлоқ қоидалари, табиатни муҳофаза қилиш, Конституция, бола ҳуқуқига оид конвенция ва бошқа ҳужжатлар ҳақида маълумот беришгача бўлган турли мазмундаги материаллардан ташкил топган.

Ота-оналар учун эса бурч ва мажбуриятлар, фарзанд асраб олиш, турли ҳаётий вазиятларда ота-оналик мажбуриятларини бажариш ва ҳуқуқларидан фойдаланиш каби муҳим масалаларга оид ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

Сайт фақат назарий маълумотлардан иборат эмас. Болаларнинг ҳуқуқий билимларни кўнгилочар-интерактив ўйинлар, мантиқий масалалар, тестлар ёрдамида ўзлаштиришига катта эътибор қаратилган. Сайтнинг махсус “Huquqiy oʻyinlar” бўлимида болажонлар виртуал оламда вақтларини қизиқарли ва фойдали ўтказишига имкон яратилган.

Болаларга ҳуқуқий билимларни эгаллашга рағбат уйғотиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Бунинг учун сайтда болаларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ҳамда уларнинг билимини баҳолаб борувчи ўйинлар, топшириқлар асосидаги рейтинг тизими ишлаб чиқилган.

Сайтнинг “Sizning lugʻat” бўлими алоҳида эътиборга лойиқ. Ушбу бўлимда юридик атамалар ва тушунчалар болалар учун тушунарли, содда тилда изоҳлаб берилган. Бунда ёш фойдаланувчиларнинг ҳаётидан мисоллар келтириш орқали сўзларнинг таърифи бойитилган. 

Техник жиҳатдан содда ва қулай ечимга эга “Bola huquqlari” тез орада кичкинтойларнинг виртуал оламдаги севимли масканларидан бири бўлиши эҳтимоли катта. Ҳозирда сайт синов тартибида ишламоқда. Адлия вазирлиги уни янада такомиллаштириш ва бойитиш устида иш олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Bola huquqlari

Баҳолаганлар

30

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар