Бола асраб олиш тартиби соддалаштирилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда жиноят содир этиб, жазо ўтаган шахслар ҳам болаларни фарзандликка ва васийликка олиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Оила кодекси ҳамда “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунда назарда тутилган.

Тегишли қонун бугун, 30 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 19 ялпи мажлисида муҳокама қилинган. Унга кўра, эндиликда ижтимоий аҳамияти катта бўлмаган, унча оғир ҳисобланмайдиган ҳамда фарзандликка олишга тўсқинлик қилмайдиган жиноят турларини содир этиб, жазо муддатини ўтаганларга нисбатан фарзандликка ва васийликка олиш имконияти яратилади.

Боланинг энг устувор манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, фарзандликка олишга монелик қиладиган касалликларга чалинган шахслар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланaди.

Эслатиб ўтамиз, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги қонуннинг амалдаги таҳририда қуйидагилар васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин эмас эди:

•  ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ёки ота-оналик ҳуқуқлари чекланган шахслар;
•  суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
•  собиқ фарзандликка олувчилар, агар фарзандликка олиш уларнинг ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинганлар билан шафқатсиз муносабатда бўлганлиги, сурункали алкоголизм ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганлиги оқибатида бекор қилинган бўлса;
•  ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ёхуд ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилганлиги учун васий ёки ҳомий мажбуриятларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;
•  қасддан содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинган шахслар;
•  васий ёки ҳомий этиб тайинланишига тўсқинлик қиладиган касалликларга чалинган шахслар.

Вояга етган фуқаролар фақат ўз розилигига кўра васий ёки ҳомий этиб тайинланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

370

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг