Большевикларнинг Бухородаги “Кичик қиёмат”ида амирлик хазинаси қандай таланган?

Фойдали

image

“Шарқинг бутун ишлари онгсиз беклар, тушунчасиз хонлар, миясиз муллалар, билимсиз эшонларнинг қўлига ўтди”.

Абдурауф Фитрат

Тарихдан маълумки, урушларнинг асл сабаби бойлик орттириш ҳисобланади. Қайси мамлакатнинг хазинаси кўп бўлса, бу бойликнинг ортидан келадиган бало ҳам катта бўлган. Зеро, олтин кўзини кўр қилган душманнинг нафсини ҳакалак оттириб, босқинчилик уруши бошлашга ундаган. Бугунги мақоламизда айнан Большевиклар томонидан Бухоро амирлигидан Россияга олиб кетилган миллион-миллион сўмлик қимматбаҳо бойликлар ҳақида сўз юритамиз.

Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил

Россия империяси 1865 йил Тошкентни босиб олгач, подшоҳ ҳукумати хонликларни бирин-кетин эгаллаш режасини туза бошлади. Ўлкани босиб олиш учун барча харбий ҳаракатлар айнан Тошкентдан туриб ташкил этилди ва бошқарилди. Ўрта Осиё ерларини эгаллаб олиш мақсадида подшоҳ ҳукумати хонликлар ўзаро бирлашмаслиги учун империалистларнинг азалий “Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил” тамойилига амал қилиб, уларни бир-бирига қарши гиж-гижлай бошлади. 

Бухоро амирлигининг Россия томонидан босиб олиниши

1868 йил 1 май куни замонавий қуролланган подшоҳ армияси, Чўпонота тепалигида пилта милтиқ ва қилич билан қуролланган амир қўшинини таслим этади. 23 июнь куни амир Музаффар мағлуб бўлганини тан олиб, босқинчи генерал Фон Кауфман билан тинчлик шартномасини имзолашга мажбур бўлади. Шу тариқа Бухоро амирлиги Россия империясига бўйсундирилди.

Шартномага кўра Бухоро амири ташқи сиёсатда Россия империясига мутлақо қарам вассал бўлиб қолди. Амир уруш бошланишида ўзи айбдор эканлигини тан олиб, абадий дўстлик белгиси сифатида Россия қўшинларининг ҳарбий харажатлари учун 500 минг рубль беради. Лекин амир ташқи мустақиллигидан маҳрум қилинган бўлса-да, ўз фуқаролари устидан чекланмаган ҳокимиятни сақлаб қолган эди.

Ёш бухороликлар

XX аср бошларида амирлик ижтимоий ҳаётида бир-бирига қарама-қарши бўлган икки сиёсий куч пайдо бўлди. Биринчиси, Бухоро амирлигининг сиёсий ҳаётини демократик асосда қайта қуриш, мамлакат иқтисодини ривожлантириш ва Бухорони илғор давлатлар қаторига кўтарилиши учун астойдил курашувчи Ёш бухороликлар ҳаракати. Иккинчиси, ҳар қандай янгилик ва ислоҳотларнинг душмани бўлган амир ҳукумати ҳамда диний мутаассиблар эди.

Ёш бухороликлар ўз фаолиятларини 1910 йилдан бошлашган бўлиб, бу сиёсий ҳаракатнинг ташкил этилишида ёш туркларнинг “Иттиҳоди ва тараққий” партияси катта таъсир кўрсатган эди. Абдувоҳид Бурҳонов, Усмон Хўжа, Мусо Саиджонов, Абдурауф Фитрат, Файзулла Хўжаев ва Садриддин Айний каби кўплаб зиёлилар ёш бухороликларнинг етук намоёндалари бўлишган.

Ёш бухороликлар мамлакатда қуйидаги ишларни амалга оширишни кўзлашган эди:

•    амирликдаги ер-сув масаласига катта эътибор бериш; 

•    миллий армияни шакллантириш учун ҳарбий мактаблар очиш;

•    молия масаласида кирим чиқимларни ҳисоблаш;

•    маъориф соҳасида амирлик хазинаси ҳисобидан мактаблар ва олий ўқув юртлари очиш. Ва энг асосийси, якка ҳокимлик (монархияни) Европача конституцион монархияга алмаштириш.

1910 йил 10 декабрь куни амир Абдуллаҳад вафот этгач, тахтни унинг ўғли Саид Олимхон эгаллади. Амир Олимхон ҳали сиёсий кучга эга бўлмагани учун ёш бухороликларга ён беришга мажбур бўлади ва ислоҳот ўтказиш учун ваъдалар беради. Аммо 1917 йил Россияда бўлиб ўтган февраль инқилобидан сўнг, подшоҳ ҳукуматининг ағдарилиши амирликдаги ижтимоий-сиёсий вазиятни кескинлаштириб юборади. Ёш бухороликлар Россиядаги тартибсизликлардан фойдаланиб, амирни тезроқ ислоҳот ўтказишга ундайдилар.

1917 йилги Фармон

1917 йил 7 апрель куни амир Олимхон мамлакатда ислоҳот ўтказиш тўғрисида фармон беради. Ушбу қарор амир саройида 200 га яқин амалдорлар ва диний уламолар олдида ўқиб эшиттирилади.

Фармонда, амирликда солиқ ишларини тартибга солиш, саноат ва савдони ривожлантиришга, амалдорларни назорат остига олиш ва уларга аниқ миқдорда маош тайинланишига, ночор фуқароларга ғамхўрлик қилиш учун махсус комиссия тузишга, босма матбуотга асос солишга, қамоқхонадаги эркин фикрлиларнинг барчасини озод этишга, маъориф ва фан-техникани ривожлантириш ҳамда дунёвий фанларни ўқитишга ваъдалар берилади.

Лекин бу қарорни дин пешволари шариат қонунларининг бузилиши деб қабул қиладилар. Шундан сўнг, ёш бухороликлар ҳаракатида бўлиниш юз беради. Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мирзо Ғулом амирнинг бу ислоҳотларини қўллаб-қувватладилар. Аммо Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат амирдан янада чуқурроқ ислоҳот ўтказишни талаб қилдилар.

Фармоннинг бекор қилиниши

1917 йил 8 апрель куни Файзулла Хўжаев ва Абдурауф Фитрат бошчилигида Бухоро шаҳрида норозилик намойиши бўлиб ўтади ва унда 5-7 минг киши қатнашади. Намойишчилар ўзбек ва рус тилларида “Яшасин озодлик, конституция, матбуот эркинлиги ва мамлакат мустақиллиги” деб ёзилган ёрлиқлар кўтариб чиқади. Бундан ғазабланган амир 200 та пиёда ва 300 та отлиқ аскарни намойишни бостириш учун юборади. Шундан сўнг, Бухоро кўчаларида катта тўс-тўполон ва тартибсизликлар бошланиб кетади. Ёш бухороликлар ҳаракатининг кўплаб аъзолари қўлга олиниб, зиндонга ташланади. Диний уламолар эса амирдан қўлга олинганларни ўлимга ҳукм қилишни талаб қилдилар. 1917 йил 14 апрель куни амир Олимхон ислоҳотлар ҳақидаги фармонини бекор қилади.

Файзулла Хўжаев

Таъқибга учраган ёш бухороликлар ҳаракатининг намоёндаси Файзулла Хўжаев Тошкентга боради. У ерда Большевиклар партиясининг аъзоси Уткин ва Полторатскийлар билан мулоқот қилиб, Лениннинг ғояси ҳақида хабар топади. Шундан сўнг, Файзулла Хўжаев 1918 йилнинг ёзида Тошкентдан Москвага йўл олади. Москвада у Большевиклар партиясининг бир қатор аъзолари билан учрашиб суҳбатлашади. Большевикларнинг ёлғон ғояларига ишонган Файзулла Хўжаев амир ҳокимиятини Большевиклар ёрдамида ағдариб, Бухоро Халқ Республикасини тузишни мақсад қилади. 
Большевиклар Ўрта Осиё хонликларининг хазинаси ҳақидаги миш-мишларни эшитишган эди. Бу бойликни қўлга киритиш учун Файзулла Хўжаевга ҳарбий ёрдам бериш орқали, хуфиёна режалар тузишади.

Бухоро амирлигининг қулаши

Бухоро амирлигига тўсатдан шиддатли ҳужум уюштириб, уни босиб олиш режасини Большевикларнинг ишонган генерали Михаил Фрунзе тузиб чиқади. Режага кўра, қизил армия Бухоро амирлигига беш томондан ҳужум қилиб, шаҳарни ўраб олишлари керак эди. Большевиклар Бухоро амирлигини босиб олиш учун 10 минг замонавий қуролланган аскар, 74 та замбарак ва 12 та бомбардимончи самолёт юборишади. Советлар тез орада Чоржўй, Кармана, Китоб ва Шаҳрисабз шаҳарларини эгаллаб олишгач, Бухоро шаҳри қуршўвда қолади. Бухоро шаҳрини ўраб олган рус қўшини замбараклардан тинимсиз ўқ узиб, шаҳарни вайрон қилади. Кўчалар жасадларга тўлиб кетади. Хусусан, амир Олимхон ўзининг “Бухоро халқининг ҳасрати тарихи” китобида шундай ёзади.

“Бу уруш асносида душман тахминан Бухоронинг ярмини тўп ва пулемётчилардан ўққа тутиб, кўп фалокат етказди. Мусулмон бечоралар душман дастидан мол-дунёсини, фарзандларини ташлаганча нима қиларини билмай, ҳар томонга қоча бошладилар. Шунга қарамай, бу бандайи ожиз тўрт кеча-ю, тўрт кундуз душманга қарши урушдим, қаттиқ жанг қилдим. Тўп ўқларининг кўплиги, бомба ёғдириш натижасида Бухоро шаҳрида талафот ва харобаликлар кўпайиб кетди”.

Воқеалар гувоҳи бўлган тарихчи Муҳаммад Али Балжувоний ўзининг “Тарихи нафоэ” асарида шундай ёзади.

“Қамал вақтида 3000 га яқин ҳовли, 3000 дан ортиқ дўкон, 20 та сарой, 29 масжид, 34 гумбаз ёниб хароб бўлган. Шаҳар қарийб 20 кун олов каби ёниб турган. Бухоронинг шу даражада хароб бўлганини ҳеч бир тарих кўрмаган эди. Бухороликлар бу кунларни (кичик қиёмат) деб айтишди”.

Амир Саид Олимхон иложи борича тарихий обидаларни, муқаддас жойларни сақлаб қолиш ва катта вайронагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида Фрунзе ҳузурига қушбеги Насруллобийни элчи қилиб юборади. Амир Олимхон Фрунзедан шаҳарни бомбардимон қилмасликни ва халққа шафқат этишини сўрайди. Фрунзе эса бунга жавобан амир бутун хазинани топшириб, шаҳардан чиқиб кетиши лозимлигини айтади. Шунда иложсиз қолган амир жуда катта бўлган хазина рўйхатини Фрунзега топшириб, Афғонистонга кетади.

Бухоро хазинаси

1920 йил 2 сентябрь куни шаҳар дарвозалари очилгач, қизил армия Бухоро пойтахтига бостириб киради. Лениннинг буйруғи билан халқ ва амирлик хазинаси таланиб, Россияга олиб кетилади. 

Бухоро амирлигининг олтин захираси ҳақида ҳар хил маълумотлар учрайди. Хусусан, 1914 йилда нашр этилган “Ойина” журналида амирлик хазинаси ҳақида қуйидагича маълумот берилади.

“Бухоро амирининг тасарруфи остида бўлган хазинасида олтин ва кумуш шу даражада мўл бўлганки, ҳеч бир давлат хазинаси бу даражада бўлмаса керак. Амир хазинасига тегишли олтин, кумуш ва бошқа зебу зийнатларнинг рўйхати ёзилган дафтарларнинг тахлами бир ярим олчин (1 олчин 70 см) бўлган. Сақланаётган олтин ва кумуш пулларнинг бўйи 50 олчин, эни эса 20 олчин келадиган бир тоғдан иборат эди. Бундан ташқари яна бир ертўлада хазина бўлиб, у ер рус ва бошқа бир қанча давлатларнинг олтин пуллари билан тўлдирилган эди”.

1917 йил амир Олимхон қушбеги Насруллобийга амирлик хазинасини рўйхатга олишни буюради. Рўйхатга кўра, амир хазинаси қуйидагича бўлган.

“Бухоро тилласи – 1.148.380 дона, рус тилласи – 4.365.100 дон, ёмби ҳолидаги Гамбург тилласи – 1.108 пуд (17 тонна-ю 728 кг), ёмби ҳолидаги Гамбург кумуши – 2.844 пуд (45 тонна-ю 404 кг), рус кумуш тангалари – 1.385 пуд (22 тонна-ю 160 кг), Бухоро тангаси – 62.834.780 дона, Бухоро мис тангаси – 731 пуд (5 тонна-ю 696 кг), тилла кукуни – 16 пуд (1 тонна-ю 56 кг), рус банки кумуши – 864 пуд (13 тонна-ю 724 кг).  Яна жами 34 номдаги қимматбаҳо осори-атиқа рўйхат қилинди”

“Шахсан амир ва унинг оила аъзоларига тегишли бўлган бойликлар рўйхати. Йирик бриллиантлар – 3.482 карат, шунингдек буюмларга тикилган бриллиантлар – 968 карат, буюмларга тикилган қимматбаҳо тошлар – 8.617 карат ва ҳоказолар мулк сифатида қайд этилди”.

Бундан ташқари, амирга яқин бўлган инсонларнинг бойликлари ҳам хазинага дахлдор деб ҳисобланган. Хусусан, амирлик бош қозикалонининг бойлиги қуйидагича миқдорда бўлган.

Ёмби ҳолидаги Гамбург тилласи – 38 пуд (608 кг), тилла буюмлар – 85 пуд (1 тонна-ю 360 кг), кумуш буюмлар – 90 пуд (1 тонна-ю 440 кг), бириллиантлар – 920 карат, қимматли тошлар – 14 пуд, рус тилла тангалари – 965000 сўм, чет эл тилла тангалари – 4468 дона, Бухоро тиллалари – 289014 тўплам, Бухоро тангалари 7 миллион 149156 тўплам ва рус банки кумуши – 128987 сўм.

Мана шундай катта миқдордаги олтин ва қимматбаҳо бойликлар “албатта, бу хазиналарнинг барчаси халққа тенг миқдорда тақсимлаб берилади” деган баҳоналар билан Россияга олиб кетилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

421

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг