Бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони болали эркакни калтаклади (видео)
Спорт
−
13 Июль 2023
16595Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Бейбут Шуменов қўлида боласи бор эркак билан муштлашиб қолди. Бу ҳақда “Zakon.kz” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳодиса жорий йилнинг 18 июнь куни содир бўлган. Бироқ мазкур воқеа акс этган видео интернетда тарқатилганидан кейингина жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган.
Кадрларда боксчи боласи бор эркакка яқинлашгани, нимадир дегани, сўнг унинг бўйнидан тортиб олиб, муштлаб кетганини кўриш мумкин.
Мазкур тортишувдан хабар топиб келган, полиция ходими дастлаб воқеага нисбатан жиноят иши қўзғатмаган. Видео тармоқларда оммалашганидан кейин полиция безорилик бўйича иш очган. Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарининг ўринбосари жанжал пайтида бола жароҳат олмаганини айтган. Шунингдек, у ушбу ҳолат бўйича спортчига қандай чора кўрилиши бўйича маълумот бермаган.
Боксчи Шуменовнинг ўзи ҳам вазиятни шарҳлаган. Унинг сўзларига кўра, тиббий экспертиза эркак жароҳат олмаганини тасдиқлаган.
“Бундай вазиятда мен эркакнинг қўлида бўлган кичкинтойдан кечирим сўрамоқчиман ва бола бу ёқимсиз томошага гувоҳ бўлганидан афсусдаман. Айни пайтда можаро бутунлай тугади”, деб ёзган Шуменов.
Шунингдек, турли хил миш-мишлар бўлмаслиги учун боксчи можаро тафсилотларини айтиб берган.
“Менинг 8 ёшли ўғлим ўша куни ўйин майдончасида ўйнаётган эди ва бошқа бир бола уни ҳеч қандай сабабсиз белига ура бошлади. Ўғлим нима учун бу бола уни ураётганини тушунмади, ундан узоқлашди ва ўйнашни давом эттирди. Ва бир неча дақиқадан сўнг, ўша бола қайтиб келди ва ўғлимга яна ҳужум қилмоқчи бўлди, ўғлим қочиб, ундан қочиб кета бошлади. Кейин ўша одам келиб, боласини олиб кетди. Ўғлим бундай муносабатда бўлишга одатланмаган ва бу унинг учун катта стресс эди. Кейин ўғлим ёнимга келиб, бола унга ҳужум қилганини айтди. Унинг орқа қисмида қизариш ва тирналиш борлигини пайқадим. Кейин мен бу одамнинг олдига бориб, у боланинг отаси эканини аниқладим ва ундан “Ўғлимни урган ўғлингизми?”, деб сўрадим. Бунга жавобан у тажовузкорона “Ҳа, урди. Нима?”, дея жавоб берди”, дея таъкидлаган боксчи.
Маълумот учун, Бейбут Шуменов бокс бўйича WBA собиқ жаҳон чемпиони. 2016 йилда Бейбут икки вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган биринчи қозоғистонлик боксчи сифатида тарихга кирган. Аммо 2019 йилда WBA бўйича бокс бўйича жаҳон чемпиони унвонидан расман маҳрум этилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь