Бокс бўйича олий спорт маҳорати мактаблари ташкил этилади
Спорт
−
02 Май 2021
4653Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, дастлаб қуйидаги ҳудудларда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида бокс бўйича олий спорт маҳорати мактаблари давлат муассасаси сифатида ташкил этилади:
- Андижон вилояти (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари);
- Бухоро вилояти (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари);
- Қашқадарё вилояти (Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари);
- Тошкент вилояти (Сирдарё ва Тошкент вилоятлари, Тошкент шаҳри).
Бокс мактаблари фаолияти иқтидорли ёш спортчиларни танлаб олиш ва уларни асосан миллий терма жамоаларга тайёрлашга йўналтирилади.
Ўқиш 7-синфдан ташкил этилади, таълим олиш муддати 5 йил этиб белгиланади.
Қарор билан Боксни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди.
Унга кўра, 2025 йилгача қуйидалигиларни амалга ошириш белгиланган:
- спорт таълим муассасаларидаги бокс билан мунтазам шуғулланадиган ўқувчилар сонини 27 минггача етказиш;
- келгуси 5 йил ичида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида 7 та бокс залларини ташкил этиш;
- бокс бўйича терма жамоаларнинг 46 га яқин халқаро спорт мусобақаларида иштирокини таъминлаш.
2021/2022 ўқув йилидан Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва болалар-ўсмирлар спорт мактабларида бокс бўйича амалдаги ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари икки бараварга оширилади.
LiveБарчаси