Боғчадаги оммавий қирғин қурбонлари ортди

Олам

image

Таиланддаги болалар боғчасида содир бўлган қўпорувчилик ҳаракатида қурбон бўлганлар 38 нафарга етди. Уларнинг ярмидан кўпи болалардир. Ҳалок бўлганларнинг энг кичиги икки ёшда эди. Яна камида 10 киши жароҳатланган.

Қурбон бўлган болалар асосан ўқдан эмас, балки пичоқ билан жароҳатлангани айтилмоқда. 

Воқеа бугун, 6 октябрь куни содир бўлди. Болалар боғчасига қуролланган собиқ полициячи келди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, жиноятчи бинога кирганида, у ерда 30 га яқин бола бўлган. 

У муассасанинг камида тўрт нафар ходимини (шу жумладан, саккиз ойлик ҳомиладор бўлган ўқитувчини) отиб ўлдирган, сўнгра болалар ухлаб ётган қулфланган хонага кириб, уларга ҳужум қилган. 

Бино ичида ўқ узгандан сўнг, ҳужумчи ташқарида беихтиёр ўқ узишни бошлаган. 

Ушбу ҳужумни 34 яшар собиқ полициячи Панья Кхамрап содир этган. У жорий йилнинг июнь ойида гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани учун полициядан бўшатилган. 

Жиноят содир этилишидан бир неча соат олдин у гиёҳвандлик иши бўйича суд мажлисида иштирок этган. “ The Nation” газетасининг ёзишича, эркак ноқонуний моддалар савдоси билан шуғулланган бўлиши мумкин. 

Жиноятни содир этганидан сўнг эркак ўз уйига етиб борган ва у ерда хотини ва боласини ҳам отиб ўлдирган, кейин эса ўз жонига қасд қилган. 

“Кхамрап гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган бўлиши мумкин”, дейди полиция генерал-майори Пайсал Люсомбун. 

Расмийлар фожиа содир бўлган ҳудуддаги барча болалар боғчаларини ёпишни буюрган. Таиланд Бош вазири Прают Чан-Оча ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ҳамда фожиа сабабларини ўрганишни тезлаштиришни буюрди. 

Таиланд адвокатлар ассоциацияси отишма қурбонларининг оилаларига Адлия вазирлигидан моддий товон пули олишлари учун ҳуқуқий ёрдам таклиф қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Таиланд

Баҳолаганлар

404

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг