Боғчада болани урган мудиранинг юраги ҳуруж қилган. У ишдан олинади

Жамият 15522
image

Аввалроқ Самарқандда прокуратура боғчада болани урган тарбиячи иши бўйича текширув бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Дастлабки ўрганишларга кўра, ҳолат Булунғур туманидаги 13-МТТда содир бўлгани аниқланди. Воқеа 18 январь, душанба куни Булунғур туман ҳокимлиги ва вилоят мактабгача таълим бошқармаси масъул ходимлари томонидан жойида ўрганилган.

Маълум қилинишича, ташкилот мудираси Роҳатой Ахророва 2-тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиси Ш.М. нинг руҳиятига босим ўтказиб, қўллари ва юзига ургани аниқланган. Ушбу видео МТТ психологи Н. Отабоева томонидан тасвирга олинган бўлиб, тарбияланувчиларнинг ота-оналарига тарқатган. Воқеа содир бўлган куни гуруҳ тарбиячиси Дилфуза Маҳкамова соат 12:20 да ишга келганини ҳамда воқеа содир бўлган вақтда ишда бўлмаганини  ўз тушунтириш хатида маълум қилган. Шунингдек, ўрганишлар давомида ташкилот директори Роҳатой Ахророванинг юраги хуруж қилгани боис “Дўстлик” тез тиббий ёрдам бригадасининг кундузги гуруҳ врачи ва ҳамшираси чақирилган.

Роҳатой Ахророва тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан шифохонага олиб кетилгани сабабли таълим ташкилоти мудираси вазифасини вақтинча бажариш олий маълумотли тарбиячи Дилрабо Мардиевага унинг розилиги асосида юклатилган.

Самарқанд вилоят Мактабгача таълим бошқармаси томонидан Роҳатой Ахроровага меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда “Меҳнат шартномаси”ни бекор қилиш чоралари кўрилиши белгилаб олинган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Хусусан, Ш.М. нинг қўллари ва юзига урилганлиги ҳолати юзасидан судга оид экспертиза тайинланган. Ҳолат юзасидан хизмат текшируви хулосаси ва экспертиза жавоби олинганидан сўнг, якуний ҳуқуқий баҳо берилади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 612
Рейтинг: 3
t
×