“Бочка” дам олиш масканидан 450 минг долларга ноқонуний ер сотмоқчи бўлган шахс ушланди
3-саҳифа
−
03 Июль 2021
8257Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Бочка” дам олиш масканидан 80 сотих ерни 450 минг долларга ноқонуний сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 июль куни Ўзбекистон Республикаси ИИВга Н.М. ариза билан мурожаат қилган. Н.М. унда “Санжар” исмли шахс юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғони “Бочка” ҳудудидан дам олиш маскани қуриш учун мўлжалланган 80 сотих бўш ер майдонини кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, 450 минг АҚШ долларига сотишини, бўнак сифатида 20 минг АҚШ долларини беришини талаб қилаётганини айтган. Мурожаатчи унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур аризага асосан, шу куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Ш.С. Бўстонлиқ тумани Угам олма боғи кўчаси 82-уйда жойлашган дала ҳовлида ариза муаллифидан 20 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан, шу куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бўстонлиқ тумани бўлими томонидан фуқаро Ш.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 224-моддаси тартибида ушланган. Жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси