Бобур масжиди ибодатхонага айлантирилди

Таҳлил

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўз манфаати йўлида Бобур масжидини ибодатхонага айлантирди. У ушбу ишни 2014 йилдаги сайловолди ваъдаларининг ижроси ўлароқ амалга оширди. 

22 январь куни ҳиндуизм тангриси туғилган деб ишониладиган Аёдҳа шаҳридаги ибодатхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросимда Бош вазир Нарендра Моди бошчилигида 7 мингга яқин меҳмон иштирок этди. Қатнашчилар орасида Болливуд юлдузи Амитабҳ Баччан ҳам бор. Уларнинг баъзилари тадбирда иштирок этиш учун 700 километр йўл босиб ўтган.

Бобур масжиди — Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги Аёдҳа шаҳрида 1528–29 (ҳижрий 935) йилларда Бобурийлар империяси асосчиси Бобур Мирзо шарафига саркарда Мир Боқий томонидан қурилган. У Ҳиндистон шимолидаги энг муҳим масжидлардан бири ҳисобланган. Шу сабабли маҳаллий мусулмонлар ва ҳиндулар орасида асрлар давомида зиддият юзага келган. 1853 йилда ҳиндулар Бобур масжиди Рам илоҳининг туғилган муқаддас жойида қурилган, деб даъво қилган. 

Ҳиндуларнинг фикрига кўра, Бобурийлар қўмондони Мир Боқий бу ерда илгари мавжуд бўлган Рам ибодатхонасини вайрон қилган. Бироқ бу ибодатхонанинг мавжудлиги баҳсли масала бўлиб қолмоқда. 

1859 йил масжид ўртасидан девор ўрнатилди ва Британия бинони ҳиндулар ва мусулмонлар учун иккита алоҳида бўлимга ажратиб берди. Мусулмонларнинг ичкарида, ҳиндуларнинг эса ташқи ҳовлида ибодат қилишига рухсат берилди. Бу мажмуанинг ички қисми тўлиқ намозхона вазифасини бажарарди. 1949 йилда эса  Рам ва Сита бутлари масжид ичига жойлаштирилди.

1992 йил 6 декабрда ҳинд миллатчиларининг радикал гуруҳлари масжидни бузиб ташлади. Оқибатда Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Буюк Британияда тартибсизликлар юзага келди. Хусусан, унинг ортидан мусулмонларга қарши қонли ҳужумлар содир бўлди. Тўқнашувлар Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмида тарқалиб, Мумбайни ҳам қамраб олди.  Оммавий тўқнашувлар оқибатида 2-3 минг киши, асосан мусулмонлар вафот этган.  Ўн минглаб мусулмонлар уйларини йўқотган, минглаб одамлар Покистонга кўчиб ўтган. Масжидни вайрон қилганларнинг баъзилари ҳибсга олинган, аммо уларнинг ҳеч бири судланмаган ва тез орада қўйиб юборилган.

2010 йил сентябрида Оллоҳобод Олий суди масжид Рамнинг туғилган жойи деб ҳисобланган жойда қурилгани ҳақидаги даъвони қаноатлантирди ва Рам ибодатхонаси қурилиши учун марказий гумбаз жойини тайинлади.

Мусулмонларга масжид қурилиши учун жойнинг учдан бир қисми ҳам берилди. Кейинчалик бу қарор устидан ҳинд радикаллари Ҳиндистон Олий судига шикоят қилди. Шундан сўнг, бешта судья 2019 йилнинг августидан октябригача бўлган муддатда бу даъвони кўриб чиқди. 2019 йил 9 ноябрга келиб, Олий суд қуйи суднинг ҳукмини бекор қилди ва бутун майдонни (1,1 гектар) ҳиндлар ибодатхонасини қуриш учун трестга топширишни буюрди. Маъбаднинг қурилиши тахминан 30 миллиард рупий яъни 361 миллион долларга тушди. Шундай қилиб, Бобур масжиди тўлиқ ҳиндуистларнинг ибодатхонасига айлантирилди. Бу эса ҳинд мусулмонлари орасида жиддий норозилик ва эътирозларга сабаб бўлди.

Шунингдек, Ҳиндистон Миллий Конгресси ҳам партиясидаги Модининг сиёсий рақиблари ушбу маросимни бойкот қилишини эълон қилди. Уларнинг фикрича, Бош вазир диндан ўз мақсадлари учун фойдаланмоқда. Маъбаднинг очилиши учинчи муддатга қайта сайланиши кутилаётган Нарендра Моди сайловолди кампаниясининг муҳим қисми эканлиги таъкидланган. Вазирнинг ўзи эса очилиш маросимидан олдин 11 кун давомида рўза тутган.

Танқидчилар ҳукуматни мамлакатдаги диний байрамларни нишонлаш борасида ҳаддидан ошганликда айбламоқда. Конституцияга кўра, Ҳиндистон дунёвий давлат ҳисобланади.

Модининг бошқа дин вакилларига нисбатан қаттиқ сиёсати бир неча бор жиддий кескинлашувларга олиб келган. Бош вазир ва унинг партияси аҳолининг 80 фоизини ташкил қиладиган ҳиндуистларга таянади. Аммо озчилик қатламни, яъни аҳолининг 13 фоизини ташкил қилувчи мусулмонлар мамлакатнинг стратегик муҳим минтақаларида яшайди. Мисол учун, мусулмонлар кўп бўлган Шимолий Кашмир Покистон билан баҳсли ҳудуд бўлиб, Ҳиндистон Британиядан мустақил бўлганидан бери тинчимаган.

Ҳинд-мусулмонларнинг ҳар қандай кескинлашуви муқаррар равишда Кашмирдаги  урушнинг кучайишига ва янги Ҳинд-Покистон урушининг бошланишига олиб келиши мумкин.

Мамлакатда динлар ўртасидаги зиддият бир неча йиллардан буён давом этиб келмоқда. Ҳатто бошқа дин вакилларига қарши намойишлар ҳам бўлиб ўтган. Уларда юзлаб одамлар яраланган, яна қанча инсон қурбон бўлган. Модининг ҳумронлигидаги партия эса ушбу кескин вазиятга қарамай, кўпчилик фуқароларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш орқали сайловда ғалаба қозонмоқчи. Ҳиндистон Бош вазирининг рақиблари уни динлар ўртасидаги ихтилофлардан ўз манфаати йўлида, сиёсат оламидаги ўрнини мустаҳкамлаб олиш учун фойдаланаётганликда айблаяпти. Бу эса инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойилларига тўғри келмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made