БМТнинг Фаластинликларга ёрдам агентлиги Ғазодаги фаолиятини тўхтатиши мумкин

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) агар ташкилотнинг молиявий ёрдами пасайишда давом этса, Ғазо сектори ҳамда очарчилик ва гуманитар инқироз авж олган минтақадаги барча фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлишидан огоҳлантирди. Бу ҳақда UNRWA расмий баёнот берди.

У Ғазо секторида гуманитар инқироз чуқурлашган бир пайтда ташкилотга молиявий ёрдамнинг камайиши фаластинликларга ёрдамни хавф остига қўйганини билдирди.

“16 донор давлат UNRWA’га молиявий кўмакни тўхтатишга қарор қилганидан сўнг, Ғазодаги 2 миллиондан ортиқ аҳолининг улкан гуманитар эҳтиёжлари ёмонлашиши мумкин”, дейилади баёнотда.

Ташкилот Исроилнинг ўтган ҳафтадаги бомбардимонлари туфайли ўн минглаб инсоннинг Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнусни тарк этишга мажбур бўлганига диққат қаратиб, бу одамлар ҳозирда 1,4 миллиондан ортиқ фаластинлик оғир шароитларда яшаётган Рафаҳ шаҳрига қочганига ишора қилган.

Баёнотда айтилишича, Исроил ҳужумларидан қочган аксарият одамлар вақтинчалик чодирларда ёки очиқ жойларда яшашга мажбур, шаҳардагилар эса UNRWA’дан озиқ-овқат ва бошқа инсонпарварлик ёрдамларини олмасликдан қўрқади.

"Рафаҳ бомбардимондан қочган одамлар денгизига айланди", дейди UNRWA’нинг Ғазодаги директори Томас Уайт.

У Хон Юнусдан қочган одамлар аввал ҳам кўп марта кўчирилганини ва UNRWA ходимлари кўчирилганига қарамай ишлашда давом этишини таъкидлаган. Томас Уайт Исроил ҳужуми бошлангандан бери очарчилик давом этаётган Ғазо шимолига киришнинг жуда чеклангани, минтақа аҳолисининг ун қилиш учун паррандалар озуқасидан фойдаланаётганига ишонилганига диққат қаратди ва Исроил армия гуманитар ёрдам колонналарига киришни тўсиб қўйганини айтди.

“Баъзи донор давлатлар ташкилотга ажратиладиган 440 миллион долларлик ёрдамни тўхтатди”, дейилади баёнотда.

UNRWA Бош комиссари Филипп Лаззари эса ташкилотни заифлаштирмаслик, балки уни кучайтиришга чақирди. Унинг огоҳлантиришича, агар UNRWA’га молиявий ёрдам бериш тўхтатилса, феврал ойи охиридан кейин агентлик нафақат Ғазода, балки бутун минтақада ўз фаолиятини тўхтатишига тўғри келиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан молиялаштирилган UNRWA 1950 йилдан бери фаластинлик қочқинларга озиқ-овқат, соғлиқни сақлаш, таълим ва уй-жой каби инсонпарварлик ёрдамини кўрсатувчи асосий ташкилот бўлиб келган. Агентлик 5,9 миллион фаластинлик қочқинга ёрдам беради. 74 йил давомида фаластинликларни даволамоқчи бўлган UNRWA муассасалари бир неча бор Исроил томонидан нишонга олинган, бу вақт ичида тонналаб озиқ-овқат ва дори воситалари йўқ қилинган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил расмийларининг “7 октябрдаги ҳужумларда UNRWA ходимлари иштирок этгани” ҳақидаги иддаоларини зудлик билан текширишни талаб қилди. UNRWA ҳам Исроилнинг айбловлари юзасидан текширув бошлаган.

Германия, Швеция, Швейцария, Италия, Канада, Финляндия, Исландия, Австралия, Буюк Британия, Нидерландия, АҚШ, Франция, Австрия, Япония ва Эстония UNRWAга молиявий ёрдамни вақтинча тўхтатишга қарор қилди.

Норвегия, Ирландия ва Испания эса UNRWA’ни қўллаб-қувватлашда давом этишларини эълон қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Ғазо UNRWA

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг