БМТдаги россиялик дипломат Украинадаги урушни қоралаб, истеъфога чиқди
Олам
−
24 Май 2022
5851Россиянинг Женевада жойлашган БМТдаги доимий ваколатхонаси маслаҳатчиси Борис Бондарев Россиянинг Украинага бостириб киришига норозилик сифатида истеъфога чиқди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Тахминан 20 йил дипломат бўлиб ишлаган Бондарев ўз қарорини ҳамкасбларига йўллаган мактубида тушунтирган, унинг нусхасини UN Watch ижрочи директори Хилел Нойер Twitter’ида қолдирган.
Мактубда, хусусан, Бондарев ўз фаолияти давомида Россия ташқи сиёсатида турли бурилишларни кўрганини, аммо у “рус қўшинлари Украинага бостириб кирган 24 февралдаги каби ўз мамлакатидан ҳеч қачон уялмаганини” ёзади.
“Путин томонидан Украинага ва аслида бутун Ғарб дунёсига қарши бошланган тажовузкор уруш нафақат Украина халқига, балки Россия халқига қарши энг оғир жиноятдир. “Z” ҳарфи мамлакатимизда фаровон ва эркин жамиятнинг барча умидлари ва истиқболларини кесиб ташлади”, дейди Бондарев.
BBC рус хизматининг хоин деб аталишдан қўрқасизми, деган саволига Бондарев “менимча, улар мени аллақачон шундай деб билишади”, дея жавоб берган.
Россия Федерацияси Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков Бондаревнинг истеъфога чиқиши бўйича изоҳ берди.
“Бу ерда, эҳтимол, жаноб Бондарев энди биз билан эмас, балки у бизга қарши эканлигини айтишимиз мумкин. Россия раҳбариятининг ҳаракатларини мамлакатимизнинг деярли бутун аҳолиси қўллаб-қувватлаётган бир вақтда у қораламоқда. Бу шуни англатадики, бу жаноб мамлакатимизнинг умумий бирлашган фикрига қарши чиқмоқда”, дейди Песков.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси