БМТ Ўзбекистондаги мулк ҳуқуқи ва “снос”лар бўйича хавотир билдирди
Жамият
−
14 Март 2022
9211Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда уй-жойларни ноқонуний бузиш, мажбурий кўчириш, уй-жой мулкдорларининг розилигисиз олиб қўйиш билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кўпаймоқда. Бу ҳақда жорий йилнинг 22-23 февраль кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қошидаги Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитанинг 71-сессиясида Ўзбекистон бўйича ҳисоботда айтиб ўтилган.
Қайд этилишича, сессияда ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда уй-жой ҳуқуқининг бузилиши бўйича ўзларининг муқобил ҳисоботларини тақдим этган.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Адлия вазирлигига таяниб келтиришича, 2016-2020 йилларда уй-жойларни 846 та ҳолатда огоҳлантиришсиз, 1388 та ҳолатда огоҳлантириш шартларига риоя қилмасдан, 1244 та ҳолатда олдиндан баҳоламай, 430 та ҳолатда товон пули тўламаган ҳолда бузиш ҳолатлари содир этилган.
2016-2019 йилларда 6 минг 479 та хусусий мулк объекти давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун йўқ қилинган, тўланмаган товон пули эса 335,6 миллиард сўмга етган.
"Кўчириш бўйича қарорлар шаҳар ёки туман ҳокимлари томонидан асосан турли тижорат лойиҳалари, кўп қаватли уйлар, меҳмонхона, савдо ва кўнгиолочар марказлар, тадбиркорлик субъектлари қуриш мақсадида қабул қилинмоқда. Ҳокимлар бундай қарорларни аҳоли ёки объект эгаларининг розилигисиз қабул қиладилар. Одамлар ўзларининг ҳаётий афзалликларига (иш, мактаб, қариндош-уруғларга яқинлик, экологик зона ва ҳ.к.) кўра танлаган уйларини тарк этишларига тўғри келмоқда”, дейилади ҳисоботда.
Шунингдек, ҳисоботда маданий мероснинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бир қанча ҳолатлар ҳам келтирилган. Жумладан:
• 2007 йил 2 августда Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев 300 га яқин объектни маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқариб ташлади. XIX ва ХХ аср бошларида қурилган бир қатор бино ва иншоотлар, шунингдек, боғлар, хиёбонлар ва ҳатто Тошкент ботаника боғи ҳам ўзининг консерватив ҳолатини йўқотди. Баъзи бинолар бузиб ташланган, кўплаб ер майдонлари ва боғлардаги дарахтлар кесилган, кўллар қуритилган, бўш қолган ҳудудда савдо объектлари қурилмоқда;
• 2017 йилнинг июль ойида Тошкент ҳокимияти ҳеч қандай тушунтиришларсиз 1915 йилда қурилган Энергетика ва автоматлаштириш институтини бузиб ташлади. Бузилганидан кейин бу жой уч йил бўш турди;
• 2019 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Паркент 2 кўчасидаги Ҳарбий шаҳарча – тарихий уйлар ансамбли вайрон қилинган эди.
Самарқанд шаҳридаги Университет хиёбонининг кенгайиши тарихи. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, муниципалитет университет ҳудудини кенгайтириш ва 15 та хусусий уйни бузишни режалаштирган. Тўртта уй бузилган. Бу шаҳарнинг асосий тарихий қисми бўлиб, у ерда UNESCO рухсатисиз катта ўзгаришларга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш ва қонунларни қўллашда судларнинг пассив роли, Шаҳасорзлик кодекси талабларига риоя этилмаётганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилган. Таъкидланишича, гарчи қонун хусусий уй-жойдан мажбуран чиқариб юборишни тақиқлаган бўлсада, судьялар қонуннинг баъзи қоидаларини изоҳлаб, мажбуран кўчириш тўғрисида қарор қабул қилишади.
“Амалиёт шуни кўрсатадики, Уй-жой кодексининг нормалари кузатилмайди. Мажбурий кўчириш ва бузишлар одамлар ўртача даромаддан пастроқ яшайдиган ҳудудларга тўғри келади. Уларда ўз мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат ёллаш учун етарли молиявий ресурслар, давлат ва маҳаллий амалдорлар орасида ўз манфаатларини ҳимоя қила оладиган “ҳокимиятдаги танишлари” йўқ”, дейилади ҳисоботда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь