БМТ Украинадаги гуманитар вазиятдан хавотирда
Олам
−
26 Март 2022
4678Россия Украинага уруш бошлаганига бир ой тўлди. Шу вақт давомида 3,7 миллион украиналиклар мамлакатни тарк этган, бироқ 13 миллионга яқини уруш зоналарида қолиб кетган ва отишма остида қолиш хавфи юқори. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича бошқармаси вакили Каролина Линдхольм Биллинг маълум қилди.
“Ўтган бир ой бизни саккиз йил аввалгидан кўра узоқроқ ўтмишга ташлади. Бугун биз ҳар сонияда кучайиб бораётган йирик гуманитар инқирозга дуч келяпмиз”, дейди Биллинг.
Бошқарма вакили, шунингдек Жаҳон озиқ-овқат дастури уруш бошланганидан бир ой ўтиб, украиналикларнинг 45 фоизи озиқ-овқат етишмаслигидан хавотирда эканини таъкидлаган. Озиқ-овқат етишмовчилиги бугунги Украинада хавфсизлик ва ёнилғи тақчиллиги билан бирга энг долзарб учта муаммодан биридир.
Жаҳон озиқ-овқат дастури ҳисоб-китобларига кўра, Украинадаги ҳар бешинчи одам очликни енгиш учун овқатланиш ҳажми ва сонини камайтиришдан фойдаланишга мажбур.
Қайд этилишича, урушдан олдин мавжуд бўлган, ўн миллионлаб одамларга озиқ-овқат этказиб бериш имконини берган тизимлар кундан-кунга бузилиб бормоқда: кўплаб юк машиналари ва поездлар вайрон бўлмоқда, аэропортлар бомбардимон қилинмоқда, кўприклар, дўконлар ва озиқ-овқат омборлари йўқ қилинмоқда.
БМТнинг Украинадаги доимий вакили Оснат Лубрани Украинага ташрифидан сўнг ўз таассуротлари билан ўртоқлашган.
“Ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир шахс бундай азоб-уқубатларни бошдан кечирмаслиги керак. Мамлакатда қолиб кетган одамлар жанговар ҳаракатлар кетаётган шаҳарлардан, жумладан, Мариупол, Чернигов, Харьков, Сум ва Киевдан чиқа олмайди”, дейди у.
LiveБарчаси