43 мамлакатда 49 млн одам очликдан ўлиш хавфи остида – БМТ

Олам

image

Украинадаги уруш глобал озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирли вазиятни янада кучайтирди. Ҳозирда 43 мамлакатда 49 миллион киши очликдан ўлиш хавфи остида. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш маълум қилди.

Қайд этилишича, жорий йилнинг апрель ойида Жаҳон озиқ-овқат дастури 3 миллион украиналикка ёрдам берган. Бундан уч ой олдин эса Украинада озиқ-овқат захираси ортиғи билан бўлган.

Айни вақтда Украинадаги уруш сабабли 43 мамлакатда 49 миллион киши очликдан ўлиш хавфи остида.

Дунёнинг ўнта давлатида, жумладан Афғонистон, Сурия ва Яман, шунингдек, Африканинг бир қатор давлатларида 140 миллионга яқин аҳоли озиқ-овқат танқислигини бошдан кечирмоқда.

“Ушбу давлатлардан саккизтаси Хавфсизлик Кенгашининг кун тартибига киритилган. Шубҳасиз биз “можаро” деганда очликни ҳам кўз олдимизга келтирамиз. Тинчликни сақлаш ёки сиёсий миссия ҳақида қарор қабул қилганингизда, сиз ҳам очлик билан курашишга қарор қиласиз. Агар консенсусга эриша олмасангиз, очлар бунинг бадалини тўлайди", дейди Бош котиб. 

Шунингдек, Гутерриш бугун, 20 май куни Нигер, Мали, Чад ва Буркина-Фасодаги очликка қарши курашиш учун Фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш марказий жамғармасидан 30 миллион доллар ажратиш қарорини эълон қилган.

"Аммо бу океандан бир томчи. Йил бошидан бери биз Жамғармадан Сахель минтақаси аҳолиси эҳтиёжлари учун 95 миллион доллар ажратдик", дейди у.

Бундан ташқари, Гутерриш сўнгги ўн йилликлардаги энг кучли қурғоқчиликни бошдан кечираётган Африка шохидаги (Африканинг шарқий ҳудуди – таҳр.) вазиятдан хавотир билдирган. Унинг оқибатлари 18 миллион одамга таъсир қилган ва Сомалида Жаҳон озиқ-овқат дастури огоҳлантирганидек, миллионлаб одамлар очлик ёқасида.

"Улар очликдан қийналишмоқда ва омон қолиш учун курашишга мажбур. Ҳар доимгидек, биринчи навбатда аёллар ва қизлар жабр кўради – бу одам савдоси, мажбурий никоҳлар ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг кўпайишида намоён бўлади", дейди Бош котиб.

Тўлиқ миқёсдаги очарчиликни Эфиопия, Жанубий Судан, Яман ва Мадагаскарда ярим миллионга яқин одам бошдан кечирмоқда. Гутерришнинг сўзларига кўра, Украинадаги уруш глобал очарчиликка "хавфли янги ўлчов" қўшган. 

"Россиянинг қўшни давлатга бостириб кириши ундан озиқ-овқат экспортини тўхтатди. Нархларнинг 30 фоизга ошиши дунё аҳолисининг энг заиф қатламларига таъсир кўрсатди. БМТ зудлик билан бутун дунё бўйлаб гуманитар операцияларини кучайтириши керак”, дейди у. 

Тўлиқ очарчиликнинг олдини олиш учун Бош котиб тўртта жабҳада шошилинч чоралар кўришни таклиф қилган: можароларга сиёсий ечим излаш, халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва озиқ-овқат ишлаб чиқариш билан боғлиқ объектларни ҳимоя қилиш, энергетика ҳамда молия соҳасида мувофиқлаштиришни яхшилаш, инсонпарварлик эҳтиёжларини молиялаштиришни таъминлаш.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон озиқ-овқат дастури раҳбари Дэвид Бисли пандемиядан олдин оч одамлар сони 80 миллиондан 135 миллионга ошганини, пандемиядан кейин бу кўрсаткичлар 135 миллиондан 276 миллионга кўпайганини, Украинадаги инқироз эса 323 миллион кишига олиб келганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг