БМТ Украинада яқин келажакда уруш тугамаслигидан хавотирда
Олам
−
19 Апрель 2022
5299Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Украина шаҳарларидаги кўплаб тинч аҳолининг қурбон бўлишига ва вайронагарчиликларга сабаб бўлган авиазарбалардан хавотирда эканини билдирди. Бу ҳақда БМТ Матбуот хизмати маълум қилди.
Шунингдек, БМТ раҳбари “қамалда қолган Мариуполдаги даҳшатли гуманитар вазият”дан ниҳоятда хавотирда эканлигини ҳам қўшимча қилган.
“Бош котиб Россиянинг тинимсиз ҳужумлари натижасида бир неча ҳафта ичида вайрон бўлган қамал қолган Мариуполдаги даҳшатли гуманитар вазиятдан чуқур хавотирда”, дейилади хабарда.
Гутерриш гуманитар йўлакларнинг хавфсизлигини таъминлаш, тинч аҳолини эвакуация қилиш, гуманитар ва тиббий ёрдам етказилишини осонлаштириш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирган.
Бундан ташқари, БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитс ҳам ўз фикрини билдирган. Унга кўра, узоқ тинчликка мазмунли музокаралар орқали имконият берилиши керак.
“Очиғи, биз ҳали гуманитар сулҳ бўйича келишувга эришганимиз йўқ. Мен бу масалани Россия томони билан батафсил муҳокама қилдим ва улар келажакда мен билан бу таклифлар тафсилотларини муҳокама қилишларига ваъда беришди”, дейди БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари.
Гриффитс БМТ кафиллигида Россия ва Украинага гуманитар масалаларни, айниқса уларнинг ҳарбий компонентини, гуманитар сулҳ, унинг мониторинги ва хавфсизлик йўлаклари ёки гуманитар устуворликларни муҳокама қилиш учун виртуал ёки реал учрашув ўтказишга рози бўлишни таклиф қилган.
"Украина БМТ таклифларининг аксарига рози бўлди ва биз Россиядан ҳам шуни кутамиз", дейди Мартин Гриффитс.
Унинг сўзларига кўра, Украина гуманитар алоқа гуруҳини тузишга рози бўлган.
БМТ вакили яқин келажакда сулҳ бўйича келишувга эришилмаслигидан хавотирда. Унинг фикрича, бу кейинги бир неча ҳафтанинг масаласи. Бу икки омилга боғлиқ уруш ва музокараларнинг боришига.
LiveБарчаси