БМТ Швецияда Қуръон ёқилишига муносабат билдирди
Олам
−
25 Январь 2023
43001Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Цивилизациялар альянси бўйича олий вакили Мигель Моратинос Швецияда “Stram Kurs” (“Қаттиқ келишув”) ўнглар партияси етакчиси томонидан Қуръонни ёқиб юборилишига расмий муносабат билдирди.
Олий вакил Қуръонни ёқиш ҳаракатини кескин қоралаган ва уни мусулмонларга нисбатан нафрат ифодаси деб ҳисоблашини таъкидлаган.
“Бу ҳолат Ислом тарафдорларига нисбатан ҳурматсизлик ва ҳақорат бўлиб, уни сўз эркинлиги тамойили билан боғлаш мумкин эмас”, дейди Мигель Моратинос.
Олий вакил сўз эркинлиги тўғрисида гапирар экан, БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йил 26 январдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги резолюциясининг 19-моддасини алоҳида эслатиб ўтди. Унга кўра, сўз эркинлиги инсонга мажбурият ва масъулият ҳам юклайди.
Шунингдек, Олий вакил дунёнинг турли бурчакларида кўплаб диний ва бошқа жамоалар аъзоларига қарши қаратилган камситиш, муросасизлик ва зўравонлик ҳолатларининг ортиб бораётганидан чуқур ташвишдалигини билдирган. Мигель Моратинос инсон ҳуқуқлари ва барча учун қадр-қимматга асосланган адолатли, инклюзив ва тинч жамиятларни барпо этиш ҳамда рағбатлантириш учун ўзаро ҳурмат муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган.
Шу нуқтаи назардан, Олий вакил диний обидаларни муҳофаза қилиш бўйича БМТ Ҳаракатлар режасини эслатиб ўтган. Бу режа диний плюрализмни мустаҳкамлаш, маданиятлараро ва динлараро мулоқот ҳамда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришни ўз ичига олган кенг қамровли тавсиялар тўпламидан иборат йўл харитаси ҳисобланади.
Алибек Бейжанов