Янги пандемия яқинлашмоқда! Унга қарши “вакцина” йўқ – БМТ
Олам
−
18 Июнь 2021
27834Бирлашган Миллатлар Ташкилоти яқинлашиб келаётган қурғоқчилик муаммоси янги пандемияни келтириб чиқариши тўғрисида барчани огоҳлантирди. Шунингдек, бу муаммога ечим йўқлигини қўшимча қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг “GAR Special Report on Drought 2021” ҳисоботида сўз боради.
Агар мамлакатлар глобал муаммони ҳал қилиш учун шошилинч чоралар кўрмаса, бу қалтис вазиятни келтириб чиқаради, деб таъкидлайди БМТ.
“Қурғоқчилик навбатдаги пандемия бўлиб келмоқда ва уни “даволаш” учун “вакцина” йўқ. Кўпчилик қурғоқчилик фақат Африканинг чўл минтақаларига таъсир қилади, деб ўйлайди. Аммо, ҳозирги кунда муаммонинг кенг тарқалиши сабабли аср охирига келиб деярли барча мамлакатлар буни бошдан кечиради”, дейди БМТ Бош котибнинг махсус вакили Мами Мизутори.
Шунингдек, аҳоли сонининг ўсиши ҳам ушбу жараёнга ҳисса қўшяпти. Талаб таъминотдан ошиб кетмоқда. 5 минг йилдан бери кўплаб одамлар қурғоқчилик шароитида яшаб келади. ХХI асрда қурғоқчиликдан аллақачон камида бир ярим миллиард киши жабр кўрган ва иқтисодий зарар 124 миллиард долларни ташкил этади.
БМТ ҳисоботида Ўзбекистонда энг узоқ қурғоқчилик 2000-2001, 2014-2015 ва 2017-2018 йилларда содир бўлгани қайд этилган. Оқибатда, мамлакат ҳудудининг ярмидан кўп қисми чўлланиш ва қурғоқчилик таъсирида қолган. Маълумотга кўра, қурғоқчилик пайтида Сирдарё оқими 2-5 фоизга, Амударёнинг оқими эса 10-15 фоизга камайган.
Аввалроқ, Марказий Осиёнинг қатор мамлакатларида қурғоқчилик кузатилаётгани, бунинг оқибатида экинлар ва чорва моллари нобуд бўлаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Исломжон Омонжонов
LiveБарчаси