БМТ одам савдоси қурбонлари ортаётганини эълон қилди

Олам 1376
image

Одам савдоси – бу жуда даромадли жиноят бўлиб, жиноятчиларга катта миқдорда фойда келтириш билан бирга, жамиятни мислсиз муаммолар гирдобига олиб боради. Бу муаммолар неча-неча авлодларнинг саломатлиги, таълими, ҳуқуқ соҳасидаги имкониятларига болта уради.

Ҳар йили дунё минтақаларида миллионлаб инсонлар, турли хил ёшдаги болалар, гулдек қизлар-у заифа аёллар одам савдоси қурбонига айланмоқда. Бугунги кунда дунё бўйлаб 24 миллионга яқин киши одам савдосидан азият чекяпти. Aчинарлиси, йилига 4 миллиондан ортиқ қурбон эксплуатация, юз минглаб қурбон мажбурий меҳнат ва тиланчиликка мажбурланяпти. Баъзилари эса тана аъзоларидан айрилмоқда.

Одам савдосининг юзага келишига нафақат молиявий фойда, балки ирқчилик, жинсий ориентация сабаб бўляпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан берилган маълумотларга кўра, одам савдоси қурбонларининг учдан бир қисмини болалар ташкил қилган. Улар тобора кўпроқ жинсий эксплуатация, мажбурий никоҳ ва бошқа турдаги зўравонлик, жумладан онлайн -платформаларда таъқиблар қурбони бўлмоқда.

"Болалар жуда катта хавф остида. Улар дунёдаги қурбонларнинг учдан бир қисмини ташкил қиляпти ва бу улуш сўнгги 15 йил ичида уч бараварга ошди. Иқтисоди ривожланмаган мамлакатларда одам савдосига учраганларнинг ярми болалардир”, дейди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Aйниқса, пандемия вақтида эксплуататорлар жиноий ҳаракатларини ҳаддан ташқари кучайтирган. Ҳатто, камбағал одамлар ўзларини жиноятчиларга қарши кураша олмаслигини билдирган.

"Пандемия ўта қашшоқликда яшовчилар сонини 124 миллионга кўпайтирди. Бундай ҳолда уларнинг кўпчилиги одам савдоси қурбонига айланиши мумкин", деб огоҳлантирмоқда Антониу Гутерриш.

Шунингдек, БМТ Бош котибининг сўзларига кўра, жинсий эксплуатация мақсадида аёллар ва қизларнинг савдоси одам савдосининг энг кенг тарқалган ва жирканч турларидан бири бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, аксарият минтақаларда ушбу жиноят қурбонларининг ярмидан кўпи мигрантлардир.

Халқаро экспертларнинг таъкидлашича, “тирик одамлар” билан савдолашаётган ноқонуний “савдогарлар”нинг йиллик даромади қарийб 150 миллиард долларни ташкил этади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда жорий йил январь-июнь ойларида одам савдоси билан боғлиқ 99 та ҳолат аниқланган. Буларнинг 34 таси чақалоқлар савдоси билан боғлиқ жиноятлар. 

БМТга кўра, одам савдоси – трансчегаравий жиноят, у ҳеч қандай миллий чегараларни тан олмайди. Шунинг учун ушбу жиноятга қарши курашишда халқаро миқёсда маълумот алмашиш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарур.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 10
Рейтинг: 2.8
t
×