БМТ нега Ғазодаги қирғинни тўхтата олмаяпти?
Олам
−
20 Сентябрь 11004 6 дақиқа
1956 йилда тарихда илк бор қуролли БМТ тинчликпарварлари жойлаштирилган эди. Улар Буюк Британия, Франция ва Исроилнинг Мисрнинг Сувайш каналига қарши қўшма ҳужумига жавоб тариқасида Синай яримороли ва Ғазо секторига – ўшанда Миср назоратида бўлган ҳудудга юборилган.
Исроилнинг Ғазодаги тажовузлари ортиб бораётган ва БМТ ўзининг 80-сессиясига тайёргарлик кўраётган бир пайтда кўпчилик халқаро ташкилот ҳозир Ғазода нималар қила олиши ва нега кўпроқ ҳаракат қилмаётганини сўрамоқда.
Сувайш инқирози Ғазодаги вазиятдан анча фарқ қилса-да, ўшанда БМТ фавқулодда кучларининг юборилиши бугунги кунда БМТ қандай ҳаракат қила олишига оид муҳим сабоқларни ўз ичига олади.
АҚШ Исроилнинг Ғазодаги ҳужумига шартсиз қўллаб-қувватлов берди. Юқоридаги ҳужумни кўплаб ҳуқуқшунослар ва олимлар геноцид деб баҳоламоқда. АҚШ БМТ Хавфсизлик Кенгашида камида олти марта вето қўллаб, ўт очишни тўхтатиш ва фаластинликларга ёрдам киритишни таъминлашга оид резолюциялар қабул қилинишига тўсқинлик қилди.
Бироқ 1956 йилда ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўша икки "тажовузкор" – Британия ва Франция вето ҳуқуқига эга бўлгани учун тўсиққа учраган. БМТ Бош Ассамблеяси эса 1950 йилда қабул қилинган “Тинчлик йўлида бирлашиш” резолюциясини ишга солиб, уларнинг эътирозига қарамасдан тинчликпарвар кучларни жойлаштирган.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши тинчликпарварларни юбориш ва санкцияларни жорий этиш ваколатига эга (БМТ Низомининг VII бобига мувофиқ).
Албатта, 1956 йилда Бош Ассамблеянинг қўлидаги муҳим омиллардан бири АҚШнинг қатъий қўллаб-қувватлови эди. Президент Дуайт Эйзенхауэр Британия-Франция-Исроилнинг Мисрга ҳужумига қарши чиққан эди.
Шунингдек, БМТнинг жасур Бош котиби Даг Хаммаршёльд бор эди. У ноқонуний ҳаракатларга қўшилмаган Бош Ассамблея аъзоларини тинчликпарвар кучларни жойлаштиришга кўндирган, Миср эса буни мамнуният билан қабул қилган.
Аммо дипломатлар ва экспертларнинг таъкидлашича, Исроил ҳам, АҚШ ҳам Ғазо масаласини шундай тарзда халқаролаштиришни истамайди.
“Бугун Ғазо учун сабоқ шуки: БМТ Бош Ассамблеяси, агар сиёсий ирода ва маҳорат бўлса, Хавфсизлик Кенгашидан айланиб ўтиши мумкин. Бироқ охир-оқибатда унинг самарадорлиги аъзоларининг тайёргарлиги ва иродасига боғлиқ”, дейди мутахассислар.
Геноцид
БМТ аъзо давлатлари геноцидларни олдини олиш борасида умумий ҳисобда ёмон натижа кўрсатиб келган.
“Энг яхши ҳолатда ҳам аралаш натижа”, деди Сассекс университетининг фахрий профессори ва геноцид бўйича мутахассис Мартин Шоу.
Руанда ва Босниядаги геноцидлар ҳолатида БМТ расман геноцид содир этилганини фақат воқеалардан кейин эълон қилган.
Руандада БМТнинг ҳаракатсизлиги кўзга ташланарли бўлган. Чунки ўшанда мамлакатда енгил қуролланган БМТ тинчликпарвар миссияси қўмондони Ромео Даллер геноцид бошланиши ҳақида қайта-қайта огоҳлантирган, аммо БМТ жавоб қайтармаган.
Фаластин соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазога қарши ҳужумлари оқибатида камида 65 минг фаластинлик, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган.
Анклав вайронага айланди. Исроил молия вазири очиқчасига исроилликлар томонидан амалга оширилган бомбардимонлар ва фаластинликларнинг уйлари бузилиши ҳақида фахр билан гапириб, бу орқали қурилиш лойиҳалари ва Ғазони қайта ўзлаштириш учун йўл очаётганини билдирди.
16 сентябрь куни БМТнинг Фаластин ва Исроилга оид олий даражадаги тергов органи Исроилни Ғазода геноцид жиноятида айбдор деб топди. Бу ҳозиргача берилган энг нуфузли хулоса.
Шоунинг таъкидлашича, бу Ғазодаги геноцид билан замонавий тарихдаги бошқа геноцидлар орасидаги асосий фарқлардан бири.
“Ғазо бошқача, чунки бу ерда БМТ геноцидни тан олишда секинлик қилмади. Асосий масала шуки, АҚШ аслида қурол ва сиёсий қўллаб-қувватлов орқали қатнашчига айланган”, деди у.
Экспертлар БМТ геноцидларни тўхтата олмаслигининг икки асосий сабабини кўрсатади:
Бир томондан, ҳам катта, ҳам кичик давлатлар хорижий мамлакатлардаги урушга аралашишга қизиқиш билдирмайди. Бундай ҳолат 2000 йилларнинг бошларида Дарфурда кузатилган, у ерда Судан ҳукумати ва унинг иттифоқчиси Жанжавид араб бўлмаган этник гуруҳларни қирган.
АҚШ эса аслида геноцид кечаётганини тез тан олган – 2004 йил сентябрда махсус баёнот чиқарган. Бироқ шундан кейин АҚШнинг қизиқиши пасайиб кетган. Бу интервенцияга тўсиқ бўлмаган, аммо ёрдам ҳам бермаган.
Катта давлатлар эътиборини йўқотган бир пайтда, БМТ учун аралашишнинг энг қулай имконияти бордек туюларди.
Бироқ охири 2004 йилда Африка Иттифоқи фақат бир неча юз тинчликпарварни юборди. БМТ эса расман тинчликпарвар миссияни 2006 йилдагина, қирқинлар пасайганидан кейин, маъқуллади.
Бўлинган Бош Ассамблея
Париждаги "Centre Thucydide" марказининг БМТ тинчликпарварлари бўйича мутахассиси Александра Новосселоффнинг айтишича, этник тозалаш ва БМТ аралашуви бўйича ўтмиш тажрибалари миллат-давлатларнинг аҳамиятини яққол кўрсатиб бермоқда.
“Масала БМТ ташкилот сифатида эмас, балки аъзо давлатларда. БМТ тўлиқ имкониятлар спектрини таклиф қилади, у санкция қўллай олади ва тинчликпарварлик операциялари учун ихтиёрийлар коалициясини тузиши мумкин”, деди у.
Новосселоффнинг таъкидлашича, Ғазо шаҳридаги вайронкор ҳужумлар ва Исроилнинг Ғазодаги ҳужумлари авж олаётган бир пайтда аъзо давлатларнинг умумий жавоби аралаш бўлган.
Келаси ҳафта Бош Ассамблеяда Фаластинга оид энг муҳим масала сифатида – Франция ва Саудия Арабистонининг аъзо давлатларни Фаластинни давлат сифатида тан олишга чорлаш ташаббуси кўрилмоқда.
“Албатта, Ғазо бўйича ҳаракатларга Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларининг Хавфсизлик Кенгашидаги вето таҳдиди тўсқинлик қилмоқда. Бироқ Бош Ассамблея ҳам бор. Ҳозиргача у ерда аниқ чора кўриш бўйича резолюция илгари сурилмади”, деди у.
Бироқ тарихдан чиқариладиган сабоқ шуки, буюк давлатлар ҳарбий куч ишлатиб аралашмаган ҳолда БМТнинг геноцидларга жавоб бериши жуда қийин бўлади.
Масалан, Боснияда 1995 йилги Сребреница қатлиомидан кейин АҚШ ҳаракатга тушди. БМТ аллақачон Сербияга қарши қурол-яроғ эмбаргосини жорий қилган эди, аммо бу мусулмон боснияликларнинг қатлиомини тўхтатмади.
1995 йилда АҚШ ва унинг иттифоқчилари насроний хорватлар ва босниялик мусулмонларни сербларга қарши курашиши учун қуроллантира бошлади. Ўшанда НАТО БМТ Хавфсизлик Кенгаши мандатига таянди ва Сербияга ҳаво зарбаларини бошлади.
Катo институтининг катта илмий ходими Даг Бандоунинг таъкидлашича, Ғазодаги исроилликлар томонидан амалга оширилаётган золимликлар учун айб БМТда эмас, балки Исроилнинг энг яқин ҳомийси АҚШда.
“БМТнинг ўз кучлари йўқ. У Руандадаги геноцидни, Судандаги оммавий қирқинни ёки Либериядаги қон тўкилишини тўхтата олмаган. Шунинг учун, БМТнинг ўзини Ғазода содир бўлаётган воқеаларни тўхтатиши кутилмайди. Ғазо бўйича деярли барча айб АҚШ зиммасида. Чунки у Исроилга қурол ва қўллаб-қувватлашни тақдим этади. АҚШ, биринчидан, Исроилни молиялайди, иккинчидан, БМТнинг ҳаракат қилишини тўсади”, дейди у.
Live
Барчаси