БМТ фаластинликлар учун ёрдам сўраб чиқди
Олам
−
02 Октябрь 2021
4566Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) яқин ойлар давомида юз минглаб фаластинлик қочқинларга таълим ва тиббий хизматларни тақдим қилишни сақлаб қолиши учун зудлик билан 120 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий кўмакка муҳтож. Бу ҳақда “Аль-Арабийя”га таяниб, “Интерфакс” хабар бермоқда.
“Молиявий аҳвол ташкилот учун ҳақиқий ўлим таҳдидидир ва биз буни эътиборсиз қолдирмаслигимиз керак, чунки молиявий муаммолар ташкилотни хизматлар кўрсатишни қисқартиришга мажбур қилиши мумкин”, дейди агентлик раҳбари Филипп Ладзарини.
Унинг сўзларига кўра, 550 минг боланинг мактабга бориши, минглаб одамлар учун тиббий ёрдам олиш имконияти, 28 минг ходимнинг ноябрь ва декабрь ойларида маош олиш имконияти хавф остида. Унинг таъкидлашича, UNRWA агентлиги ўз фаолиятини ноябрь ва декабрь ойларида давом эттириши сўроқ остида.
Маълум ыилинишича, 2018 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп агентликни молиялаштиришдан бош тортганидан кейин Қўшма Штатлар яна UNRWAнинг асосий донорига айланган бўлса-да, COVID-19 пандемиясидан кейинги иқтисодий пасайиш оқибатида бошқа мамлакатлардан тушган даромадлар камайган.
Унинг қўшимча қилишича, UNRWAнинг асосий фаолиятини сақлаб қолиш учун 3 йил давомида ҳар йили 800 миллион АҚШ доллари миқдорида молиявий ёрдам кўрсатиш керак.
Маълумот ўрнида, UNRWA 1949 йилда ташкил топган. Унинг асосий вазифаси 1947-1949–йиллардаги Араб-Исроил уруши оқибатида ва ундан кейинги тўқнашувлар якунида ўз уйидан айрилган, қочқинга айланган фаластинлик ва уларнинг авлодларини таълим, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ҳамда бошқа ҳаёт учун муҳим бўлган нарсалар билан таъминлашдан иборат. Ҳозирги кунда UNRWAда 5,7 миллион фаластинлик қочқинлар рўйхатга олинган. Бироқ, агентлик мактаблардаги 550 минг ўқувчига ва тиббий ёрдам соҳасида 2,8 миллион нафақа олувчиларга ёрдам беради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь