БМТ давлатларни бойлик солиғи йиғишга чақирди 

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Антониу Гутерриш коронавирус пандемиясидан зарар кўрган дунёдаги иқтисодий вазиятни яхшилаш учун мамлакатларни бойлик солиғи олишга чақирди.  

Унинг таъкидлашича, бир йил ичида дунёдаги энг бой одамларнинг бойлиги 5 триллион долларга ўсган. 

“Мен ҳукуматларни ижтимоий ва иқтисодий тикланишни молиялаштириш учун ушбу одамларнинг, шунингдек, пандемиядан фойдаланганларнинг бойликларига бирдамлик ёки бойлик солиғи қўйиш масаласини кўриб чиқишга чақираман”, деган Гутерриш. 

Бош котибнинг сўзларига кўра, пандемия туфайли дунёда юз миллионлаб одам қашшоқлик даражасига тушиб қолган ва бутун давлатлар банкротлик хавфига дуч келмоқда. Шу билан бирга, Гутерриш таъкидлаганидек, дунё аҳолисининг ярми зарур тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси Антониу Гутерришни иккинчи муддатга ташкилотнинг Бош котиби лавозимига тайинлаганди.  

Маълумот ўрнида, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 180 450 398 га етган. 3 909 312 киши касалликдан вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ БМТ

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг