БМТ Афғонистоннинг захираларини блокдан чиқаришга розилик берди

Олам

image
0:00
0:00
download

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган активлар ёки иқтисодий ресурсларни "муздан чиқарилишига" рухсат берди. 2022 йилда бу мамлакатдаги гуманитар операция дунёдаги энг йирик операцияга айланиши кутилмоқда. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар берган. 

БМТ Хавфсизлик Кенгаши “Толибон”га қарши санкциялар режимидан “гуманитар четлатиш” тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун маблағ ажратилиши “Толибон”нинг барча активларини музлатиш талабини бузиш эмас, деган қарорга келган. 

Резолюция ҳомийлари Афғонистонга гуманитар ёрдамнинг ўз вақтида етказилишини таъминлаш ёки бундай фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган маблағларни қайта ишлаш ва тўлаш, шунингдек активлар ёки иқтисодий ресурсларни "муздан чиқарилиши"га рухсат берган. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари, Фавқулодда ёрдам кўрсатиш координатори Мартин Гриффитс Хавфсизлик Кенгашининг БМТнинг Афғонистонга қарши санкциялар режимидан гуманитар ёрдам бериш тўғрисидаги резолюциясини олқишлаган. 

“Ушбу муҳим қарор Афғонистонда одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун шошилинч инсонпарварлик ҳаракатларини амалга ошириш имконини беради. Бу аъзо давлатлар мамлакатдаги муҳтожлик ва азоб-уқубатларнинг ҳайратланарли даражасини қанчалик жиддий қабул қилишидан далолат беради”, деган Мартин Гриффитс. 

Афғонистонда айни пайтда аҳолига муҳим озиқ-овқат ва тиббий ёрдам кўрсатувчи, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи, таълим, сув таъминоти ва канализация тизимини йўлга қўйишга кўмаклашувчи 160 га яқин миллий ва халқаро гуманитар ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда. 

“Биз бу ишни зудлик билан кучайтиришимиз керак. 2022 йилда Афғонистондаги гуманитар операция дунёдаги энг йирик операция бўлади. Унинг доирасида 22 миллионга яқин аҳолига ёрдам кўрсатилади”, деган бош котиб ўринбосари. 

Унинг сўзларига кўра, инсонпарварлик мақсадларида қабул қилинган санкциялар режимидан озод қилиш ташкилотларга режалаштирилган ишларни бажаришга имкон беради ҳамда молиявий ва тижорат институтларига Афғонистондаги гуманитар ёрдам операторлари билан ўзаро муносабатларида ҳуқуқий кафолатлар беради. 

“Афғонистонни қийин йўл кутиб турибди. Бизнинг ёрдамимиз самараси, бошқа нарсалар қатори, мамлакат де-факто ҳокимиятларининг ҳамкорлигига ва молиялаштириш схемасининг мослашувчанлигига боғлиқ”, деган БМТ вакили. 

У афғонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва бу мамлакатнинг барча аҳолисининг муносиб келажагини таъминлаш учун ҳамма нарсани қилишга чақирган. 

Маълумот учун, мамлакатда ҳокимиятни эгаллаган толиблар, 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлигини тузди. Жорий йилнинг 6 сентябрь куни “Толибон”га бўйсунмай турган ягона вилоят – Панжшер эгаллангач, 7 сентябрь куни ҳаракат раҳбарлари муваққат ҳукуматни шакллантирди.  

Қайд этиш керакки, толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келгач, минглаб афғонлар ватанини тарк этди ва бу жараён ҳали ҳам давом этмоқда. Толибларни Афғонистонда тарафдорлари кўплигига шубҳа йўқ, бироқ улар ҳокимиятга келгач кўплаб қийинчиликларга учрамоқда. Айниқса, молиявий томондан йўқотишлар катта.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон БМТ

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг