БМТ Афғонистондаги аёллар муаммоси январда ҳал бўлишига умид қилмоқда

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Толибон” ҳаракати билан алоқалар давомида январь ойида аёлларнинг гуманитар ташкилотларда ишлашини тақиқлаш муаммосини ҳал қилишга умид қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 29 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда БМТнинг Афғонистонга ёрдам кўрсатиш миссияси раҳбари ўринбосари, гуманитар масалалар бўйича координатори Рамиз Алакбаров маълум қилди. 

“Биз ушбу қарорни қайта кўриб чиқиш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун шароит яратиш имкониятларини қидирмоқдамиз. Бу қарорнинг оқибатлари аллақачон сезилмоқда", дейди у.  Дипломатнинг қўшимча қилишича, БМТ январь ойида аёлларнинг гуманитар ташкилотлар фаолиятида иштирокини таъминлаш бўйича ечимлар топишга эътибор қаратади.  

“Умид қиламанки, бир ой ичида натижа бизга аён бўлади ва вазиятни тўғирлаш учун чоралар кўрилади”, дейди у. 

Алакбаровнинг тушунтиришича, “Толибон”нинг аёллар меҳнати борасидаги асосий ташвиши ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилмасликдир.  

“Аммо шунга ўхшаш меъёрлар амал қиладиган кўплаб исломий жамиятлар бор, лекин аёллар меҳнат қилиб, жамоат ишларида иштирок этадилар”, дейди у. 

Дипломатнинг эслатишича, гуманитар ташкилотларда аёлларнинг ишлашини тақиқлаш биринчи навбатда Афғонистон аҳолисига таъсир қилади. 

Аввалроқ, Афғонистон муваққат ҳукуматидаги Иқтисодиёт вазирлиги барча миллий ва халқаро ноҳукумат ташкилотларга кейинги огоҳлантиришгача аёлларни ишдан четлаштиришни буюрган эди. Шунингдек, агентлик ушбу талабга риоя қилмаган тузилмаларнинг лицензиясини қайтариб олиши ҳақида огоҳлантирган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг