Блинкен Арманистон ва Озарбайжонни яраштирмоқчи 

Олам 1808
image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча, 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Арманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Жейҳун Байрамов билан уч томонлама учрашув ўтказди. Бу (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ бўйича можаронинг сўнгги кескинлашуви бошланганидан бери томонлар ўртасидаги илк тўғридан-тўғри музокаралар бўлди. Бу ҳақда Давлат департаменти хабар берди. 

Вашингтонг ташқи идораси матбуот котиби Нед Прайс айтишича, Блинкен Мирзоян ва Байрамов билан учрашувда можаро чоғида инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва бундан кейин ҳам ҳарбий ҳаракатларга йўл қўймаслик зарурлигини таъкидлаган.

“Улар кейинги қадамларни (можаронинг кескинлашуви) муҳокама қилди, Давлат котиби эса томонларни ой охиригача яна бир бор учрашишга чақирди”, дейди Прайс.

Арманистон ва Озарбайжон сулҳга тайёр

Блинкен Арманистон ва Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлари билан учрашув олдидан берган изоҳида, Вашингтон жанглар тўхтагани ва сўнгги бир неча кун ичида ҳарбий ҳаракатлар бўлмаганидан мамнун эканини таъкидлаган.

18 сентябрь куни Энтони Блинкен Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга қўнғироқ қилиб, уни Арманистон билан чегарада сулҳга риоя қилишга, қўшинларни олиб чиқиб кетишга ва барча келишмовчиликларни тинч музокаралар йўли билан ҳал қилишга ундаган.

16 сентябрда эса Блинкен Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан ҳам телефон орқали мулоқот қилган. АҚШ Давлат котиби Пашинян ҳам, Алиев ҳам уни тинчликка тайёр эканликларига ишонтиришганини айтган. 

“Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги келишмовчиликларга ҳарбий ечим йўқ. Бироқ, менимча, узоқ муддатли тинчликка эришиш йўли бор. Келишмовчиликларни дипломатия йўли билан ҳал қилиш зарур. Қўшма Штатлар бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келган барча ишни қилишга тайёр”, дейди Блинкен.

Нэнси Пелосининг Арманистонга ташрифи

18 сентябрь куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Арманистонга келди. У ташрифи чоғида Озарбайжоннинг Арманистон билан чегарадош ҳудудига ноқонуний ва ҳалокатли ҳужумларини қоралашини маълум қилди. Ўз навбатида, Баку ушбу баёнотни Озарбайжонга қарши асоссиз ва ноҳақ айблов сифатида баҳолаб, айбловларни “куракда турмайдиган”, деб атади.

Шу куни Ереванда бир неча юзлаб киши Арманистоннинг КХШТдан чиқишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказди. Намойишчиларга кўра, ташкилот Озарбайжон томонидан Арманистонга қарши ҳужумларнинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.

Қорабоғ уруши

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.

44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди

Билол Норқобилов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3
t
×