Бизнесга айланган фармацевтика. Одамлар рекламага ишонадими?
Жамият
−
12 Февраль
5541Таниқли сўз устаси Ҳожибой Тожибоевнинг мана бу гапини эшитмаган одам бўлмаса керак: "Мазза қилиб реклама кўриб ўтирсанг, кино бошланиб қолади". Бу ибора сўнгги кунларда яна оммалашмоқда. Чунки хоҳ телевидениеда бўлсин, хоҳ тармоқларда узатиладиган материалдан реклама кўп. Айниқса, дориларнинг рекламаси. Хўш, ўзи одамлар реклама қилинган дориларни сотиб оладими? Бундай препаратлар қай даражада ишончли? QALAMPIR.UZ шу каби саволлар билан аҳолига юзланди.
Сўровнома натижаларига кўра, аҳолининг катта қисми реклама қилинган дориларга ишонмайди ва сотиб олмайди.
"Баъзилари ёмон чиқаётганини оммавий ахборот воситаларида кўряпмиз. Бошқа касалликларни келтириб чиқаряпти. Фақат синовдан ўтганларини яхши, деса бўлади", дейди респондентлардан бири бундай дориларнинг сифатига шубҳа борлиги ҳақида гапирар экан.
Шунингдек, яна бир иштирокчи онлайн дори сотиб олганидан афсусда эканлигини билдирди.
"Олдин олиб кўрганман. Интернетдан ҳам буюртма қилганман. Аммо панд еганман. Шунинг учун ҳозир ишонмайман", дейди у.
Қатнашчиларнинг катта қисми дорилар бизнес ва пул топиш учун реклама қилинишига ишонади.
Бундан ташқари, иштирокчилардан бири реклама қилинган дориларни сотиб олмаслигини айтар экан, "Док-1 Макс" сиропи билан содир бўлган воқеани эслатди. Яна бир респондент эса импорт қилиб олиб кирилган ҳар қандай дори ҳам ишончли бўлмайди, деб ҳисоблайди.
“Биринчи ўринда сифатига қараш керак. Чет элники деса «учиб кетавермаслик» керак. Ўзим фармацевтика соҳасида ўқийман”, дейди у.
Шунингдек, бошқа бир қатнашчи антибиотиклардан камроқ фойдаланишни тавсия қилди.
"Дорилардан рекламага қараб эмас, шифокорлар тавсиясига кўра, фойдаланаман. Дорилардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиб фойдаланишни тавсия қиламан. Айниқса, антибиотиклардан. Ўзимнинг фарзандларимга фақатгина аввалги оддий дориларни берганман. Кучли 3-4 авлод антибиотикларидан фойдаланишни тавсия қилмайман”, дейди аёл.
Хўш, сизчи? Реклама қилинган дориларга ишонасизми? Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг. Сўнгги янгиликларни QALAMPIR.UZ'да кузатиб боринг!
LiveБарчаси