Бизларни бу ҳолатга олиб келганлар сувдан қуруқ чиқиб кетмайди – Умурзоқов

Жамият

image

Ўзбекистонда энергетика соҳасининг бугунги ҳолатга тушишига сабабчи бўлганлар сувдан қуруқ чиқмайди. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан мутаносиб таъминлаш масалаларини тезкор ва тизимли ҳал этиш бўйича Республика штаби йиғилишида сўз очди. 

“Бизларни бу ҳолатга олиб келганлар сувдан қуруқ чиқиб кетмайди. Уларнинг баъзилари ҳозир ичимизда, йиғилишда ўтирибди”, дейди Администрация раҳбари.

Унинг қайд этишича, “Ўзтрансгаз”га қарашли компрессор станцияларида ҳам жиддий камчиликлар мавжуд. Жами 37 та агрегатдан 21 таси таъмирталаб. 

“Жўрабек Турсунпўлатович (Энергетика вазири), Бекзод Раҳматуллаевич (“Ўзтрансгаз” раҳбари) барча агрегатлар зудлик билан ишчи ҳолатига келтирилиши зарур. Носоз агрегатлар бошқа қурилмалар зўриқиш билан ишлашига олиб келиб, техник носозликлар келиб чиқишига ва истеъмолчиларни барқарор табиий газ билан таъминлаш имконини йўққа чиқаради”, дейди Умурзоқов.

Шунингдек, у ҳудудларда йўл қўйилган чеклов ва юз берган авариялар оқибатида электр энергиясининг узилиши аҳолининг эътирозига сабаб бўлаётганини айтди. 

Масалан, Бухоро, Навоий, Фарғона ва Тошкент шаҳрида 1485 та маҳалла куннинг маълум бир вақтида электр таъминотисиз қолган.

Умурзоқов “Ўзбекэнерго” АЖ раиси Улуғбек Мустафоевга республика ҳудудларида аварияларни бартараф қилиш бўйича бригадалар сонини кўпайтириш ва аварияларни тўлиқ бартараф этиш чораларини кўришни топширди.

Администрация раҳбарига кўра, кўмир етказиб бериш кўрсаткичлари Қашқадарё вилоятининг Кўкдала (20 фоиз) ва Қарши (38 фоиз) туманларида ҳамда Навоий вилоятининг Кармана туманида (22 фоиз) анча паст даражада қолмоқда.

У Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев, “Ўзбеккўмир” АЖ бош директори ўринбосари Эркин Якубов) “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ бошқарув раиси Ҳусниддин Хосиловга кўмир етказиб бериш бўйича тасдиқланган етказиб бериш гарфиги ижросини қатъий таъминлашни буюрди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1032

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг