“Бизга қанча украиналик ўлишининг қизиғи йўқ”. АҚШ собиқ сенаторининг гаплари интернетни “ларзага солди”
Олам
−
27 Август 2022
29530Вашингтонга қанча украиналик ҳалок бўлиши қизиқ эмас, чунки АҚШ расмийлари учун Россия-Украина можароси футбол ўйинидек гап. Бу ҳақда АҚШ Конгресси Сенатининг собиқ аъзоси Ричард Блэк айтиб ўтган. Унинг сўзлари эса ижтимоий тармоқларда "вирус" каби тарқалди.
Блэкнинг фикрича, Россия босқинни олдиндан режалаштирмагани аниқ. Украина Донбассга ҳужум қилмаслиги учун Россия Президенти Владимир Путин Украинага бостириб киришга мажбур бўлган.
Собиқ сенаторга кўра, 2021 йилнинг декабрида Путин кенг кўламли уруш бошланишининг олдини олиш учун катта саъй-ҳаракатлар қилган.
“НАТО эса Россия томонининг инқироздан чиқиш йўли бўйича таклифларини шунчаки эътиборсиз қолдирди. Натижада Путин Донбасс ва ўз мамлакати чегараларини ҳимоя қилиш учун "махсус ҳарбий операция"ни бошлашга мажбур бўлди”, дейди Блэк.
Шунингдек, собиқ сенатор Россиянинг Украинага босқинини Адольф Гитлер Германиясининг Польшага бостириб кириши билан қиёслаган.
Унинг қайд этишича, Россия Украинадаги тинч аҳолига ва тинч биноларга зарар етказмасликка ҳаракат қилмоқда, чунки у украиналикларни ўзининг славян биродарлари деб билади.
"Россия ҳавода тўлиқ ҳукмронлик қилмоқда. Лекин Россия самолётлари Киев марказини, ҳукумат бинолари ва маҳаллаларни, Украина учун муҳим энергия ва сув инфратузилмасини бомбардимон қилмаётганига эътибор беринг. Бунинг сабаби шундаки, Россия ҳали ҳам урушнинг тинч якунланишига умид қилмоқда", дейди Блэк.
Республикачи, шунингдек, Украина қишлоғида тинч аҳоли олдида рус танкининг тўхтаб тургани акс этган машҳур видеони эслаган.
“Вьетнамда бундай вазиятда америкалик танк огоҳлантирувчи ўқ ҳам узмаган ҳолда оддийгина оломон орасидан ўтиб кетарди”, дейди у.
Блэк ўз сўзларини сарҳисоб қилар экан, Украина Россия билан тинчлик ҳақида келиша олмаслигини айтиб ўтган. Унинг сўзларига кўра, бундай қарор фақат Оқ уйда қабул қилиниши мумкин, аммо ҳозирча Қўшма Штатлар Россия-Украина можароси давом этишини истайди ва “охирги украиналик ўлгунича” тўхтамайди.
LiveБарчаси