“Бизга гул эмас, хавфсизлик керак“. Олма-отада хотин-қизлар намойишга чиқди
Олам
−
08 Март 2021
12307Бугун, 8 март куни Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида аёллар юриши бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда маҳаллий “tengrinews” нашри хабар қилди.
Ташкилотчиларга кўра, бу – Қозоғистондаги биринчи расмий феминистлар юриши.
“Шуни эслатиб қўймоқчиманки, бизнинг бугунги юришимиз Олма-ота ҳокимлиги билан келишилган ва унинг кўмаги билан ўтказилмоқда. Биз бу ерга қонуний равишда келдик”, дейди намойиш фаолларидан бири.
Хабарга кўра, иштирокчилар намойиш орқали муаммолари: аёллар ҳуқуқлари ва ўзлари учун курашда эканини эълон қилган.
“Қозоғистонда айнан аёллар болаларни бепул парвариш қилади”, дейди фаоллар.
Маълум қилинишича, намойишга чиққан аёл-қизлар эркаклар билан тенг ҳақ тўланиши, шилқимлик жиноий жавобгарликка тортилиши ҳамда калтаклаш ва дўппослаш учун жиноий жазо қўлланишини талаб қилмоқда.
Феминистлар юриши “Агар урса, демак қамалсин”, “Биз ҳаммамиз опа-сингиллармиз”, “Ҳар бир аёл муҳим!”, “Мен ҳеч кимга қарздор эмасман”, деган чақириқлар остида ўтмоқда.
“Қозоғистон аёллари Конституцияга мувофиқ мамлакатнинг барча аҳолиси каби бир хил ҳуқуқларга эга бўлиши керак. Бугун биз Қозоғистонда мавжуд бўлган аёлларга нисбатан муносабатларга тоқат қилмаймиз. Биз зўравонлик, тенг бўлмаган иш ҳақи ва камситишларга ортиқ чидамаймиз”, дейди юриш фаолларидан бири.