Бизга ақлли “счетчик”лар эмас, ақлли кадрлар керак ёхуд Ўзбекистон энергетикаси қачон мустақил бўлади?
Таҳлил
−
26 Январь 2022 13623 7 дақиқа
Биз кўкларга кўтарган мустақиллик электрдан мустақилликни ҳам ўз ичига олмаганига ачиндим.
Қамариддин Шайхов
2022 йил 25 январь. Маҳаллий вақт билан соат 11:00 атрофида бутун Ўзбекистон зулматга шўнғиди. Кейинроқ, Қозоғистон Республикаси электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларида электр энергияси узилиб қолгани маълум бўлди.
Қизиқ, нега Қозоғистон электр тармоғидаги катта авария сарҳадларни ошиб, Ўзбекистонга таъсир кўрсатди? Бу ҳолат яна такрорланиши мумкинми? Бугунги мақоламизда, Марказий Осиё мамлакатларининг энергетика тизими ва уларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақида сўз юритамиз.
Москва қўлида бўлган электр
Маълумки, Марказий Осиё давлатлари Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон бир вақтлар Совет Иттифоқи таркибига кирган. Иккинчи жаҳон уруши даврида (1939-1945) Украина, Беларусдан минглаб завод ва фабрикалар Марказий Осиё Республикаларига кўчирилади. Чунки немислар бу ерларни босиб олиш арафасида эди. Табиийки, кўчириб келинган заводлар мунтазам ишлаши учун электр токи керак. Шундан сўнг Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон завод ва фабрикаларни электр энергияси билан таъминлаш учун ҳудудларида бир нечта Гидроэлектрстанциялари қурилди.
XX асрнинг 50-йилларидан бошлаб Ўзбекистон ССРда электр энергияси таъминотини кенгайтириш мақсадида бир нечта Гидроэлектрстанцияларини қуриш ишлари бошланди. Хусусан, 1950-1980 йиллар оралиғида Шаҳрихон ГЭСи, иккита Наманган ГЭСи, иккита Бўзсув ГЭСи, Чорвоқ ГЭСи, Хожикент ГЭСлари қурилиб, ишга туширилди. Кейинчалик газ билан ишлайдиган Ангрен, Тахиатош, Навоий, Сирдарё, 2-Ангрен ГЭСлари қуриб битказилди. 1985 йилда Ўзбекистон электростанцияларининг умумий қуввати 9,9 миллион киловаттдан ортди. Бу 1940 йилга нисбатан 100 баравар, 1950 йилга нисбатан 18 баравар кўп эди.

Республикадаги барча станциялар ягона Ўзбекистон энергосистемасига уланди. Кейинчалик Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикаларининг йирик электр станциялари Совет Иттифоқнинг Марказий Осиё энергетика тизимига уланади.
Совет даврида Марказий Осиёнинг бирлашган энергетика тизими (ОЭС ЦА) Қозоғистонга боғланган бўлиб, бу тармоқ Россиянинг электр энергия системасига уланган. Яъни Москва истаган вақтда Марказий Осиё Республикаларини электр тўкисиз қолдириши мумкин эди.

Сув можароси ва Каримов
Совет Иттифоқи парчалангач, Марказий Осиё энергетика тизими бир хил режимда ишлай олмади. Мустақил давлатларга айланган Марказий Осиё Республикалари ягона янги тизим жорий қилиш йўлида бирлашмади. Чунки 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистон Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида сув масаласида ўзаро низолар пайдо бўлди.
Можарониг сабаби шунда эдики, минтақадаги сув ресурсларининг деярли 85 фоизи Тожикистон ва Қирғизистонда тўпланган. Амударё ва Сирдарё оқимининг ўзанида жойлашган бу давлатлар биринчи навбатда, Амударёнинг асосий таркибий қисмлари бўлган Вахш, Пянж, Заравшон, Норин тоғ дарёларининг сувидан Гидроэлектрстанциялари учун чексиз фойдаланишни бошлади. Чунки Тожикистон ва Қирғизистон асосан электр токини сотиш ортидан даромад топган. Бу эса ўз навбатида асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон учун йирик муаммо эди. Чунки бу давлатлар экин ерларини асосан Амударё ва Сирдарё суви билан суғорган. Сув масласи ортидан кўтарилган тортишувлар ҳудудий баҳсларга ҳам айланиб кетди. Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон Ўзбекистондан сув учун ҳақ талаб қила бошлади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов дарёлар суви иқтисодий эмас, табиий бойлик эканлигини айтиб, дарё сувларини тўсмасликка чақирди.

2009 йилдаги блэкаут
2004 йилда Туркманистон Марказий Осиё энергетика тизимидан чиқиб кетди. Сабаби Туркманистон ҳукумати 1991 йилдан бошлаб мамлакатда иссиқлик электр станцияларини қуришни йўлга қўйган эди. Албатта, нефть ва газга бой Туркманистон иссиқлик электр станцияларини бемалол, ўйнаб-кулиб ёқилғи билан таминлай оларди. 1992 йилда иссиқлик электр станциясининг биринчи блоги ишга тушди. 2004 йилга келиб, иккинчи блок ишлай бошлади. Шу йили иссиқлик электр станциясининг қуввати 160 мегаваттни ташкил қилди.
2009 йилнинг ноябрь ойида Тожикистонда жойлашган Нурек ГЕСи агрегатларининг ўз-ўзидан тўхтаб қолиши оқибатида Тожикистон ва Ўзбекистоннинг жанубий аҳолиси бир кун давомида электр энергиясиз қолди. Шу ўринда “Ўзбекистон нега Марказий Осиё энергетика тизимидан чиқиб кетмайди”, деган савол туғилиши, табиий. Мустақиллик йиллари Ўзбекистон молиявий сабабларга кўра бу тизимдан чиқиб кета олмаган. Сабаби қўшимча электр линияларини қуриш учун катта сармоя керак. Агар ягона энергетика тизими тугатилса, бундан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон катта зарар кўриши мумкин.

Роғус ГEС муаммоси
2004 йилда Тожикистон ҳукумати “Русал” компанияси билан Роғун ГЕСини қуриш масаласида якуний келишувга эришди. Шу йилда бошлаб Тожикистон Амударёнинг асосий ўзани ҳисобланган Вахш дарёсида 3600 мегаватт қувватли, баландлиги 335 метр бўлган, Марказий Осиёдаги энг йирик ГЕС қуришни бошлади. Албатта, бу ГЕСни ишга туширишга катта сув захираси керак эди. Вахш дарёсида ГЕС қурилиши ўз-ўзидан Амударё сувининг камайишига олиб келарди. Шундоқ ҳам орасида оламашук ўтган Ислом Каримов ва Имомали Раҳмон ўртасидаги зиддиятлар ипи Роғун ГЕСи ортидан янада таранглашди. Чунки Амударёдан сув ичадиган Ўзбекистон далалари ва аҳолиси сувсиз қолиши мумкин эди. Ислом Каримов ГЕС қурилишини Ўзбекистон иқтисодиёти учун хавфли ҳисоблаб, унга қаршилик кўрсатди. Уни халқаро ташкилотлар ҳам қўллаб-қувватлади.
2016 йилнинг июль ойида Тожикистон ҳукумати Италиянинг “Salini Impregilo” компанияси билан Роғун ГЕСи қурилишини якунлаш бўйича шартнома имзолади. Ўша вақтда Ўзбекистон Бош вазири бўлган Шавкат Мирзиёев Тожикистон ҳукуматига норозилик мактубини йўллаган. Бироқ Мирзиёев Президенти бўлгач, Ўзбекистон Роғун ГЕСи бўйича эътироз билдиришни тўхтатиб, бу лойиҳани маъқуллади. Шундан сўнг Тожикистон ГЕС қурилиши учун Самарқанддаги заводда ишлаб чиқарилган юк машиналарини сотиб олишни бошлади.

Ўзбекистон электр муаммосидан қачон қутулади?
Марказий Осиёдаги энергетика танқислиги кўплаб йирик давлатларнинг эътиборини тортди. Асосан Россия, Хитой, Эрон, Ҳиндистон, Марказий Осиёда сув-энергетика ресурсларини ривожлантириш лойиҳаларига қизиқиш билдирди. Бироқ улар ҳамкорликдан геосиёсий манфаат кўзламоқда. Хусусан Россия Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришини истаётган бўлса, Хитой ер сўрамоқда.
Ўрта Осиёнинг тоғли ҳудудларида гидроэнергетика салоҳияти жуда катта. Евроосиё тараққиёт банки экспертларининг фикрича, бу ерда ўн йил ичида қарийб 10 гегаватт қувватни ишга тушириш мумкин. Тахминан бунинг учун 15 миллиард долларга яқин маблағ керак. Бундан ташқари, юқори қувватли электр узатиш линияларини барпо этиш ва турли кучланишли тизимларни улаш учун тармоқ иншоотларини қуриш харажатларини ҳам ҳисобга олиш зарур.
Ўзбекистон электр энергияси масаласини ҳал этиш учун бир қанча лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Ўзбекистон яқин йилларда Атом электростанциясини қуриш устида иш бошлаган эди. Лекин маълум сабабларга кўра, бу жараён ҳозирча тўхтаб турибди.

Агар Ўзбекистонда АЭС ишга тушса, мамлакат Марказий Осиё энергетика тизимидан чиқиб кетиши ва одамларни йиллар давомида қийнаб келган электр энергия муаммосини ҳал этиши мумкин. Бироқ, танганинг бошқа тарафи ҳам бор: АЭСни ким қуриши ва унинг экологияга келтирадиган зарари. Россия АЭС қуриш борасида бир қатор муваффақиятсизликларга учраган. Шу боис Ўзбекистондаги АЭСни бунёд этиш Россияга топширилгани жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлиб келмоқда.
Кеча Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда содир бўлган воқеалар уч мамлакат олдида, Тошкент манфаатларидан қарасак, асосан ва тезроқ Ўзбекистонга мустақил электр энергияси тармоқларига эга бўлиш муҳим ва долзарб вазифа бўлиб турганини кўрсатмоқда. Ҳозирча бир кунлик блэкаут иқтисодиётга қандай талафот келтиргани, ўрта ва кичик бизнес бундан қанча зарар кўргани маълум эмас. Аммо юзлаб дўконларда маҳсулотлар эскириб қолди, корхона ва ташкилотлар, ишлаб чиқариш фаолияти тўхтатилди. Умумий овқатланиш шохобчалари ишламаяпти. “Свет” ўчиши ортидан ичимлик суви, оқава ва газ муаммолари пайдо бўлди ва улар бартараф этилганича йўқ. Яхшиямки, мамлакатнинг асосий қисмида ҳаво у қадар совуқ эмас ва ёғингарчилик йўқ. Шунга қарамай, электрдан бу тарзда узилиш норозиликларни кучайтирди. Агар Ўзбекистон электр энергияси мустақиллигига эришмас экан, инвесторларни мамлакатга жалб қилиш борасидаги жозибадор гаплар қуруқ ваъдалигича қолиб кетаверади. Бугунги одамларга эса Ҳукумат қарори ва Энергетика вазирлиги ташаббуси билан кимнингдир манфаатлари йўлида қўйилаётган ақлли ҳисоблагичлар эмас, энергетика соҳасидаги муаммоларнинг ҳал этилиши керак. Энергетика соҳасида ақлли “счетчик”лардан аввал, ақлли кадрлар лавозимга келганда эди, балки биз бу қоронғу кунларни яшамаган бўлардик.
Live
Барчаси