“Биз халқдан ҳеч нарсани яширмаймиз”. Тўқаев “қонли январь” бўйича халққа ҳисоб беради

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев жорий йилнинг март ойида мамлакат халқига мурожаатида январь ойида юз берган оммавий тартибсизликлар бўйича тергов натижалари ҳақида гапиради. Бу ҳақда давлат раҳбари Матбуот котиби Берик Уали маълум қилди.  

“Давлат раҳбари март ойидаги Қозоғистон халқига мурожаатида [январь воқеалари] терговнинг дастлабки натижаларини оммага эълон қилишни режалаштирмоқда. Қосим-Жомарт Тўқаев бир кун аввал “Қозоғистон” телеканалига берган интервьюсида айтганидек, барча маълумотлар эълон қилинади, биз халқдан ҳеч нарсани яширмаймиз. Ҳозирда тегишли идоралар томонидан кенг кўламли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, бунга бироз вақт керак бўлади”, деб ёзган Уали ўзининг Facebook’даги саҳифасида. 

Унга кўра, тартибсизликлар пайтида қўлга олинган шахсларнинг жавобгарлиги масаласи қонун устуворлиги асосида ҳал қилинади. 

“Маълумки, ушбу шахсларнинг салмоқли қисмига нисбатан эҳтиёт чораси юмшатилган. Ҳозиргача юзлаб одамлар тергов изоляторларидан озод қилинган. Ҳозирда маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, оғир жиноят (қотиллик, зўрлаш, талон-торож қилиш) содир этган ҳар бир шахс қонун доирасида жазоланади”, дея тушунтирган Матбуот котиби. 

Унинг эслатишича, Тўқаев март ойи ўрталарига режалаштирилган мурожаатида ўзининг сиёсий ислоҳотлар дастурини ҳам тақдим этишни режалаштирмоқда. 

Жорий йилнинг январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди ва ёрдам сўраб КХШТга мурожаат қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маьлумотларга кўра, ушбу воқеалар натижасида 225 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг