“Бишкеклик маньяк” тергов изоляторида ўлик ҳолда топилди
Олам
−
09 Февраль 6382 2 дақиқа
Жорий йилнинг 7 февраль куни Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳридаги 1-сонли тергов ҳибсхонасида “бишкеклик маньяк” номи билан танилган Қумарбек Абдиров ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Жазони ижро этиш давлат хизматига кўра, 41 ёшли айбланувчининг жасади 7 февраль куни соат 12:30 атрофида камерадан топилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкин. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари бошланган.
Қумарбек Абдиров 2025 йил сентябрь ойида 17 ёшли Ойсулув Мукашевани зўрлаб ўлдирганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Ушбу жиноят Қирғизистонда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган.
Тергов давомида Абдиров бир нечта аёлни зўрлаб, ўлдирганини тан олган. У такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган. Қурбонларни, асосан, шаҳар четида ва тоғли ҳудудларда ўлдиргани аниқланган.
Маълумотларга кўра, Абдиров 2016 йилда қотилликка уриниш жинояти учун 12 йилга озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик жазо муддати 7 йилга қисқартирилиб, 2018 йилда муддатидан олдин озодликка чиққан.
Ойсулув Мукашеванинг ўлдирилишидан сўнг Қирғизистон Президенти Садир Жапаров бундай оғир жиноятлар учун ўлим жазосини қайта тиклаш таклифини илгари сурган эди. Бироқ, Конституциявий суд 2025 йил декабрь ойида ўлим жазосини қайтариш Конституцияга ва халқаро мажбуриятларга зид эканини маълум қилди.
Шунингдек, мазкур иш доирасида Абдировнинг муддатидан олдин озод этилишига алоқадор бўлган Бишкек шаҳар судининг уч нафар собиқ судьяси ва бир нафар прокурор ҳам ҳибсга олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти, Бозор-Қўрғон туманида истиқомат қилувчи 70 ёшли эркак 14 ёшли набирасини зўрлашда гумонланиб, ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси