Бишкекда комага тушиб қолган ўзбекистонликка ёрдам берилмаяптими? Элчихона муносабат билдирди
Жамият
−
17 Май
3852Аввалроқ, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ўзбекистонлик талаба қиз йўл-транспорт ҳодисасига учраганидан сўнг комага тушиб қолгани хабар қилинганди. Ижтимоий тармоқлар ва айрим оммавий ахборот воситаларида қизнинг онаси ёрдам сўраб элчихонага мурожаат қилгани ва ёрдам ололмаганини айтгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Ўзбекистоннинг Бишкекдаги элчихонаси муносабат билдирди.
Элчихонанинг маълум қилишича, охирги пайтларда Қирғизистондаги халқаро тиббиёт университетининг стоматология йўналишида ўқиётган Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг йўл-транспорт ҳодисасига (аварияга) учраганлиги ва унга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаётганлиги ҳамда унинг онасига бўлган тажовузлар ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Билдирилишича, ЙТҲ ҳақидаги маълумотни элчихона ходимлари олишлари билан Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти билан боғланиб, бу масала алоҳида назоратга олинган.
“Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг соғлиги тўлиқ маҳаллий шифокорлар назоратида қолмоқда. Унинг ва яқинларининг ҳақ-ҳуқуқларига ҳеч қандай таҳдидлар бўлмаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади элчихона хабарида.
Қайд этилишича, элчихона тўғридан тўғри фуқаронинг онаси билан ҳам алоқада, ҳеч қандай алоқадан қочиш ёки уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сусткашлик қилиш ҳолатлари мавжуд эмас.
“Шу фурсатдан фойдаланиб, Қирғиз Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳурматли Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ушбу мамлакатнинг ички қонун-қоидаларига тўлиқ риоя қилишларини, ўрнатилган тартибларни бузмасликларини, йўл ҳаракат қоидаларига риоя қилишларини, пиёдалар учун белгиланган махсус жойлардан ўтишларини ва бошқа қоидаларга риоя қилишларини сўраб қоламиз.
Ушбу мамлакатда бўлиб турган вақтингизда юзага келадиган турли хил ҳолатлар юзасидан Бишкек шаҳридаги Ўзбекистон элчихонасига ва Ўш шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонасига тўғридан тўғри мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади хабарда.
Бишкек Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг хабарига кўра, ЙТҲ жорий йилнинг 2 апрель куни Исакеева кўчасида содир бўлган. 1999 йилда туғилган Т.А. бошқарувидаги Hyundai Sonata русумли автомашина кундузги соат 13:30 да йўлни кесиб ўтаётган ўзбекистонлик талаба қиз, 2000 йилда туғилган Г.А.ни уриб юборган.
Жабрланувчи Миллий шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 312-моддаси (транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш қоидаларини қасддан ёки эҳтиётсизлик билан бузиш, оқибатда соғлиққа оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши очилган. Ҳайдовчи вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
LiveБарчаси