Бишкек ва Душанбе яна 17 километрлик чегара чизиғи бўйича келишувга эришди
Олам
−
07 Декабрь 2022
2507Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари чегаранинг яна 17 километрлик умумий участкасини тавсифлаш бўйича дастлабки келишувга эришди. Бу ҳақда бугун, 7 декабрь куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати маълум қилди.
"Боткен шаҳрида Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ҳукумат делегациялари топографик ишчи гуруҳларининг Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув давомида томонлар умумий узунлиги 17,66 км бўлган Қирғизистон-Тожикистон давлат чегараси чизиғи лойиҳасини якунлади. Шунингдек, ишларни давом эттириш мақсадида 2023 йилга мўлжалланган учрашувлар жадвалини келишиб олди”, дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, Қирғизистон вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати икки давлат делегацияларининг навбатдаги учрашуви Тожикистонда бўлиб ўтишини маълум қилди.
Маълумот учун, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 километрни ташкил этади. 2002 йил декабрь ойидан бошлаб уни делимитация қилиш бўйича музокаралар давом этмоқда. Ҳозирги вақтда чегара чизиғининг 600 километрга яқини аниқланган ва давлатлар томонидан ўзаро тан олинган. Чегара чизиғининг қолган қисми эса баҳсли ҳисобланади. Ушбу муаммонинг ҳал бўлмагани икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида бир неча бор ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ низоларга сабаб бўлган. Уларнинг охиргиси 2022 йил кузида содир бўлган эди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси