Бишкек суди Атамбоевга белгиланган жазони кучида қолдирди

Олам 7482
image

Бишкек шаҳар суди Қирғизистон собиқ Президенти Алмазбек Атамбоевга нисбатан июнь ойида тайинланган жазони ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.

Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди 23 июнь куни Атамбоевга нисбатан 11 йил ва икки ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эди. Атамбоев жиноят оламида машҳур бўлган Азиз Батукаевни ноқонуний озодликка чиқаришда ва коррупцияда айбланган. Ҳимоя ва қораловчи томон юқори турувчи ташкилот - Бишкек шаҳар судига суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят билан мурожат қилган эди.

“Судьялар таркиби Первомайский туман суди чиқарган ҳукмни ўз кучида қолдирди”, дейилади хабарда.

Батукаев Бишкек четидаги колонияда оммавий тартибсизлик келтириб чиқаргани учун 2006 йилда 16 йилга қамалганди. Аммо 2013 йилда Батукаев қон саратонига чалинган деб, озодликка чиқарилган. Орадан бир неча соат ўтиб эса у янги паспорт олиб мамлакатни тарк этган. Терговга кўра, унинг озодликка чиқарилишигда собиқ Президент Атамбоевнинг қўли бўлган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон Социал-демократик партияси раҳбари бўлган Алмазбек Атамбоев ҳокимиятни ўринбосари ва яқин сафдоши Сооронбай Жээнбековга берганди. Жээнбеков 2017 йилда сайловда ғолиб бўлган. Аммо кўп ўтмай, собиқ Президентнинг жамоасига қарши жиноий иш очилган. Атамбоевнинг собиқ Президент унвони бекор қилинган. Атамбоев ўзига қўйилган айбловлар сиёсий характерга эга эканини кўп бор такрорлаган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 234
Рейтинг: 3
t
×