Бишкек шаҳар ҳокимининг ўринбосари ҳибсга олинди
Олам
−
19 Февраль 2022
8086Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари Бишкек вице-мэри Азат Узоқовни коррупцияда гумон қилиб, ҳибсга олди. Бу ҳақда бугун, 19 февраль куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.
“Аниқланишича, Бишкек вице-мери Қирғизистон ҳукумати қурилиш, транспорт ва коммуникациялар департаменти бошлиғи бўлиб туриб, алоҳида компания манфаатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида коррупциявий схемани ташкил қилган”, дейилади хабарда.
Махсус хизматлар маълумотларига кўра, гумонланувчи Давлат қурилиш қўмитаси ва мамлакатнинг Чуй вилояти расмийлари билан тил бириктириб, мактаблар қурган қурилиш компанияларидан бирининг “манфаатларини илгари суриш” билан шуғулланган.
Уларни қуриш жараёнида тендер қонунчилиги талаблари, қурилиш нормалари ва қоидалари бузилганлиги, бунинг натижасида “объектни сохта фойдаланишга топшириш” амалга оширилганлиги қайд этилган. Давлат буджетига етказилган зарар, дастлабки маълумотларга кўра, 10,8 миллион сом (тахминан 127 минг доллар)ни ташкил қилган.
Ҳозиргача мазкур қурилиш объектларида биринчи қават фойдаланишга топширилмаган, ошхона, спорт зали, бино фасади тўлиқ жиҳозланмаган, ҳудуд ободонлаштирилмаган, ёнғин хавфсизлиги тизими йўқ, электр таъминоти ишлари тугалланмаган.
Ушбу жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб, мэр ўринбосаридан ташқари, “Давлатқурилиш” бошқармаларидан бирининг раҳбари ва қурилиш компанияси бош директори ҳам қўлга олинган.
LiveБарчаси