Биринчи “киллер”лар гуруҳи – Ҳашшошийлар ёки Ассасинлар аслида ким бўлган? 

Бу қизиқ 42106
image


Ассасинлар деганда кўпчиликнинг хаёлига биринчи навбатда мобил телефон ўйини келади. Аммо улар тўқима афсона эмас. Ассасинлар реал ҳаётда мавжуд бўлган. ХII-ХIII асрларда ҳозирги Ироқ ва Эрон ҳудудларида махфий қотиллар гуруҳи пайдо бўлди. Уларни мусулмон ўлкаларда Ҳашшошийлар, Европада эса Ассасинлар деб аташган. Ҳатто, Европа қироллари, баронларини бош эгдирган Рим Папаси уларнинг номини эшитганда оёқ қўли қалтираб турган экан. Ҳашшошийлар жуда махфий ва тезкор қотиллар бўлган. Бугунги мақоламизда, дунёдаги энг биринчи ёлланма қотиллар гуруҳи Ҳашшошийлар ёки Ассасинлар ҳақида сўз юритамиз.

Ҳасан ибн ас-Саббох

Ёзма манбаларда, Ҳашшоший атамаси XII аср бошида мусулмон тарихчиларининг асарларида учрайди. Уларнинг асосчиси Ҳасан ибн ас-Саббох ҳисобланади. У қачон туғилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Лекин тарихчилар уни Эроннинг Қум шаҳрида таваллуд топганини ёзишади. Айрим тарихчилар Э.Браун, А.Иванов, В.Строева ҳамда Жувайнининг ёзишича, Ҳасан ибн ас-Саббох Эроннинг Рай шаҳрида дунёга келган. 

Болалигида ас-Саббох исмоилий (VIII аср ўрталарида араб халифалигида шиалик йўналишида шаклланиб, X — XI асрларда Яқин ва Ўрта Шарқда кенг тарқалган диний оқим тарафдорлари) уламоларидан сабоқ олган. Кейинчалик у Фотимийлар пойтахти Қоҳира шаҳрига келади. Бу ерда Ҳасан ибн ас-Саббох воизлик ва фиқҳдан билим олди. Айрим манбаларда, у Салжуқийлар саройида бир муддат мулозим бўлиб ишлагани ва ўша вақтда Бош вазир бўлган Низом ул-Мулк томонидан саройдан қувилгани ҳақида маълумотлар учрайди. Аммо бу маълумот нотўғри бўлиши мумкин. Сабаби Ҳасан ибн ас-Саббох исмоилий мазҳабига эътиқод қилган ва сунний уламоларни ёқтирмаган.

1090 йилда Ҳасан ибн ас-Саббох ўз атрофидаги бир нечта шогирдлари билан Ғарбий Эрон ҳудудида жойлашган Аламут қалъасини жангсиз эгаллайди. Унинг мақсади Салжуқийлар давлатини йўқ қилиш эди. Чунки ас-Саббох исмоилий, Салжуқийлар эса сунний мазҳабига эътиқод қилган. У Салжуқийлар давлатини ҳарбий куч билан енга олмасди. Боиси унда катта қўшин ҳам моддий бойлик ҳам бўлмаган. Шунда у ҳеч нарсадан, ҳатто, ўлимдан ҳам қўрқмайдиган, кучли ва яшиндай тезкор қотилларни етиштиришни ўйлаб топади.

Ҳасан ибн ас-Саббох Аламут қалъасига келган ўз шогирдларига исмоилий йўналишини ва нега Салжуқийларга қарши курашаётгани сабабларини ўргатади. У моҳир нотиқ бўлгани учун кўплаб ёшларни ўз тарафига оғдиради. Тарихий манбаларда, ас-Саббох сеҳр билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар учрайди. Лекин айрим тарихчиларнинг таъкидлашича, Ҳасан дунёвий илмларни пухта эгаллаган. Шу билимлар орқали, у ёнувчан моддаларни кашф этган. 

Ҳасан ибн ас-Саббох ўз мурид (издош, сўфийлик йўналишларидан бири)ларига назарий билимларни бергач, уларни жисмонан чиниқтиради. Айрим тарихий манбаларда ёзилишича, ас-Саббох Аламут қалъасида “Жаннат” деб номланган бир хона қурдирган ва ўз шогирдларига Ҳашҳаш (Кўкнорининг бир тури) чектириб, уларни ухлатиб қўйган. Муридлар Жаннат хонасида кўзларини очишган ҳамда ўзларини худди Жаннатга тушиб қолгандек ҳис этишган. Ас-Саббох ўз муридларига у буюрган ишни сўзсиз бажаришса, уларга Жаннатни ваъда қилади.

Низом ул-Мулкнинг ўлдирилиши

Ҳашшошийлар ўзларининг ягона имкониятидан фойдаланиш учун қурбонни керак бўлса, 10-20 йил давомида кузатган. Улар ҳеч қачон шошқалоқлик билан иш қилмаган. Ассасинлар душманнинг ичига кириб, ишончли шахсга айлана олган. Ҳашшошийлар ўз ўлжасини фақат ханжар орқали ўлдирган. Уларнинг илк қурбони Салжуқийлар Бош вазири Низом ул-Мулк (1018-1092) ҳисобланади.

Ассасинларнинг бир гуруҳи Ҳасан ибн ас-Саббохдан дуо олиб, Салжуқийлар пойтахти томон ҳаракатланди. Айрим тарихий маълумотларга кўра, 1092 йил 10 декабрь куни Ҳашшоший вакили Тоҳир Арроний яширин йўл билан вазир саройига кириб, қишки боғда вазир Низом ул-Мулкни заҳарланган пичоқ билан ўлдиради.

Бошқа тарихий манбаларда ёзилишича, кунларнинг бирида Низом ул-Мулк ўз ҳарамига кета туриб, йўлида учраган қаландар (дунё ташвишларидан воз кечган, дайдиб юрувчи дарвеш)га салом бериш учун тўхтайди. Бу махфий қотиллар вакили бўлиб, тўхтаган Бош вазирни пичоқлаб ўлдиради. 

Салжуқийлар давлати Бош вазирининг ўлими бутун Ислом оламида кучли резонансга сабаб бўлди. Ҳашшошийлар Салжуқий саройига шундай ўрнашиб олдики, саройдаги барча бир-биридан шубҳалана бошлади.

Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашича, Салжуқий султони Аҳмад Санжар Бош вазирнинг ўлдирилишидан сўнг, Ҳашшошийлар жойлашган Аламут қалъаси устига қўшин тортади. Шунда Ҳасан ас-Саббох султон Санжарнинг ҳузурига ўз шогирдларидан бирини элчи қилиб юборади. Султоннинг чодирига кирган элчи, Ҳасан ас-Саббохнинг юборган хабарини ёлғиз султон Санжарга айтишини билдиради. Шунда чодирда фақат султон Санжар, унинг икки ишонган қўриқчиси ва элчи қолади. Элчи султондан бу икки қўриқчи нега чиқиб кетмаганини сўрайди. Шунда Аҳмад Санжар бу икки аскарга ўз жонини омонат топшира оладиган даражада ишонишини айтади. Элчи султонга юзланиб, “унда бу икки аскарга айт, мени ўлдирсин” дейди. Султон қўриқчиларга элчини ўлдиришни буюради. Лекин қўриқчилар жойларидан силжишмайди. Шунда элчи икки аскарга султоннинг бўғзидан олишни буюради. Бир қўриқчи султоннинг қўлидан маҳкам тутади, иккинчиси эса султон Санжарнинг бўғзига Ҳашшошийларнинг ханжарини тирайди. Элчи Санжарга яқинлашиб, шундай дейди:

“Ҳасан ас-Саббох сенга шуни айтиб юборди: Энг ишонган одамларинг орасида ҳам бизнинг одамлар бор. Ўлишни истамасанг, ортингга қайтиб кет”.

Шундан сўнг султон Санжар юришни бекор қилади. Ҳашошийларнинг уюштирган суиқасдлари туфайли Салжуқийлар давлати таназзулга учради.

Ҳашшошийларнинг ҳийласи

Ассасинлар ўз душманларида қўрқув уйғотиш учун жиноят жойидан қочишмаган. Бу уларнинг ўлимдан қўрқмаслигини кўрсатган. Ҳашшошийлар ўлгач, тўғри жаннатга тушишларига ишонишган.

Ҳасан ибн ас-Саббох Аламут қалъасида 75 ёшида вафот этди. Лекин бу билан Ҳашшошийлар йўқ бўлиб кетмади. Ибн Саббохнинг вафотидан сўнг, Рашидиддин Синон Ассасинларга етакчи бўлди. Шундан кейин улар янада кучга тўлди.

Салжуқийлар давлати қулагач, Ассасинлар учун янги бир душман пайдо бўлди. Бу одам Салоҳиддин ал-Айюбий эди. Салоҳиддин Мисрни фатҳ этгач, исмоилий йўналишини тақиқлаб, унга эътиқод қилувчиларни қатл қилдирди. Унинг бу ишларидан ғазабланган Синон Салоҳиддинга бир неча бор мактуб ёзиб, ундан бу ишларни тўхташини сўради. Бироқ Миср ҳукмдори Синоннинг бу гапларини рад этиб, ҳозирги Сурия ҳудудидаги Ҳашшошийларнинг қалъасига ҳужум қилди. Салоҳиддин ал-Айюбийнинг қилган ишлари учун жавоб бериш вақт келганини тушунган Рашидиддин Синон бир режа тузади. Айрим тарихчиларнинг таъкидлашича, Салоҳиддин ал-Айюбий бир куни тонгда уйғонса, ёнидаги хонтахтага санчиб қўйилган бир ханжарни кўради. Ханжарнинг остида бир парча қоғоз бўлиб, унда шундай ёзилган эди:

“Бу ханжарни юрагингга санчишимиз ҳам мумкин эди. Лекин сенинг ўлишингни истамаймиз. Шуни билки, ажал бизнинг қўлимизда”.

Ҳашшошийлар Салоҳиддин ал-Айюбийни бекорга тирик қолдирмаган. Чунки ўша вақтда Салоҳиддин Ислом динининг ҳимоячиси деб эълон қилинганди. Ассасинлар Миср ҳукмдори билан келишиб, ягона душман насронийларга қарши кураш олиб боришди. 

Ҳашшошийлар учун энг катта муаммо Шарқдаги насроний қироллари эди. Қирол Конрад Ассасинлар жойлашган кўплаб қалъаларни забт этди. Синоннинг буйруғи билан икки Ҳашшоший роҳиб кўринишига кириб, кечаси қиролни ўлдириб кетишади. Айрим тарихчиларнинг таъкидлашича, Шарқдаги насроний ҳукмдорлар ўз жонлари учун Ассасинларга товон пули тўлаб турган.

Маълумотларга кўра, Ҳашшошийлар олтита вазир, учта халифа, ўнлаб шаҳар ҳукмдорлари ва руҳонийларни ҳамда қирол Раймунд II, Монферратлик Конрад каби бир қанча Европа ҳукмдорларини йўқ қилишган.

1250 йилда Чингизхоннинг набираси Ҳулогу катта қўшини билан Ғарбий Форс ҳудудларига бостириб кирди. Ҳулогу заифлашиб қолган Аламут қалъасини вайрон қилди. Кейинчалик, 1273 йилда Миср султони Бейбарс I Суриянинг тоғли ҳудудларида Ҳашшошийларнинг сўнгги бошпанасини вайрон қилди. Тарихий манбаларда ёзилишича, Ассасинлар 1250 йилда Аламут қалъаси қулагандан сўнг, ўз фаолиятини тўхтатган. 
 

Сардор Али Нурматов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1614
Рейтинг: 3
t
×