Бир ёшга тўлган “Тадбиркорлар мактаби”га бир назар
Бизнес
−
11 Январь 2023
4298Юртимизда қурилиш материаллари индустриясини ривожлантириш, соҳада бизнесни замонавий шаклда ташкил қилишда “Тадбиркорлар мактаби” ўқув маркази ўз олдига катта мақсад қўйган.
Хусусан, илғор ва замонавий технологиялар, ишланмалар, билимлар ва илм-фан ютуқларидан фойдаланган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи тадбиркорларни тайёрлаш, корхоналарда яшил иқтисодиётни жорий этиш, маҳсулотларни халқаро сифат стандартлари доирасида ишлаб чиқарилишига кўмаклашиш, бўлажак тадбиркорларнинг молия, солиқ, маркетинг ва ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат.
Ўзсаноатқурилишбанк томонидан “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан ҳамкорликда мазкур мақсад йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ўқув жараёни дуал таълим дастури асосида йўлга қўйилди. Унга кўра, машғулотлар назарий таълим, амалий машғулот, лаборатория ва мустақил таълим тарзида олиб борилмоқда.
Йигирмадан зиёд юқори малакали педагог-ўқитувчилар жалб қилинди. Улар орасида Туркиянинг Малтепе университети ҳамда Будапешт технологиялар ва иқтисодиёт университети профессорлари ҳам ўрин олган.
Қурилиш материаллари устида тажриба ва синов ишларини амалга ошириш мақсадида 73 турдаги лаборатория ускунаси олиб келиб ўрнатилди.
Тингловчилар учун амалий машғулотлар ўтказиш мақсадида “Оҳангаронцемент” АЖ, “Farg'ona yasin qurilish mollari” МЧЖ, “Namangansement” МЧЖ, “Texnopark” МЧЖ, “Sanfa products” МЧЖ, “Orient-ceramic” МЧЖ каби қатор йирик корхоналар билан ҳамкорлик ўрнатилди.
Ўқув марказига қабул tadbirkormaktab.uz сайти орқали онлайн тарзда ҳам йўлга қўйилди.
Марказнинг Самарқанд (Самарқанд давлат архитектура қурилиш институти қошида) ҳамда Хоразм (Урганч давлат университети қошида) вилоят филиаллари фаолият бошлади.
Барча амалга оширилган ишлар натижасида 2022 йилда марказда корхоналар раҳбарлари, инженер-технологлар, якка тартибдаги тадбиркорлар, докторант ва мустақил изланувчилар, олий таълим муассасалари ҳамда бошқа манфаатдор аҳоли вакилларидан иборат 484 нафар тингловчи таҳсил олиб, махсус сертификатга эга бўлди.
“Тадбиркорлар мактаби” битирувчилари қуйидаги фикрларни билдирди:
Ғулом Шодиев, Самарқанд вилояти, Каттақўрғон туманидаги “Бинокор-миёнкор” МЧЖ раҳбари.
– Ўқув марказининг ташкил этилиши биз, тадбиркорлар учун жуда муҳим, манфаатли иш бўлибди.
Марказ ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабар топиб, ўқув курсининг 7-мавсумида қатнашдим. Унда жаҳон қурилиш материаллари бозоридаги ўзгаришлар, илғор технологиялар, экспорт талаблари, синов-лаборатория ишларининг аҳамияти каби тармоққа оид йўналишларда кўп янгиликларга эга бўлдик.
Фаолиятимиз бино ва иншоотларнинг йўлак қисми учун брусчатка ишлаб чиқаришга қаратилган. Орттирган билим ва кўникмаларимни ишга солиб маҳсулотларимиз тури ва сифатини оширишни ният қилдим. Бунда хом-ашё сифатида саноат чиқиндиларидан фойдаланамиз.
Ҳумоюн Жонибеков, Тошкент вилоятидаги “Humo stroymix invest” МЧЖ муҳандиси.
– Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда Туркия энг етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Ўқув жараёнига Туркиянинг Малтепе университети профессор-ўқитувчилари ҳам жалб қилингани бизни жуда қувонтирди.
Хом-ашёни танлашда мавжуд стандартларга эътибор қаратиш, технологиялардан фойдаланишда улар йўриқномасида келтирилган параметрлардан четга чиқмаслик, айниқса, бизнинг фаолиятимизда (қуруқ қурилиш қоришмалари ишлаб чиқаришда) муҳим бўлган жиҳатлар хусусида зарур маълумотлар олдик.
Бунинг натижасида, ҳозирда корхонамизнинг ишлаб чиқариш қуввати 10-15 фоизга ошди. Уларни экспорт қилиш борасида хорижий ҳамкорлар билан дастлабки музокаралар олиб борилмоқда.
Насимула Нодиров, Жиззах вилоятидаги “Агроквант” МЧЖ менежери.
– Фаолиятимиз эшик, ромлар, мeталл листлардан турли буюмлар ҳамда сув миноралари ва металл сиғимлар ишлаб чиқаришга қаратилган.
Тўғриси, биз шу вақтгача ҳеч бир назарий-амалий ишланмаларсиз маҳсулотимизнинг фақатгина дизайн қисмига эътибор бериб, тор доирада иш юритганмиз.
Ўқув курсида сифат бирламчи омил, маҳсулотларни стандартлаштириш эса, бизнеснинг энг муҳим шарти эканлигини билиб олдик.
Буни амалиётда қўллаб, қисқа муддатда натижага эришдик. Маҳсулотларимизга қизиқиш кучайди, буюртмалар кўпайди.
Шунингдек, менга ўқув марказида битирувчиларга кейинчалик ҳам амалий ёрдам кўрсатилиши жуда маъқул келди.
Мазкур барча имкониятларни ҳисобга олган ҳолда эндиликда “Тадбиркорлар мактаби”да ишчи-хизматчиларимизни ҳам ўқитишни режалаштирдик.
Банк Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси