Бир урганда, белларигача... ёхуд “газетчи” ва “интернетчи”лар нимани бўлишолмаяпти?

Таҳлил 6134
image

Тан олиб айтиш лозим-ки, биз замонавий технологиялар асрида яшаяпмиз ва жоиз бўлса, таъкидлаш ўринлики, ушбу асрнинг остонасидан эндига хатлаб, унинг ички дунёсига кириб боряпмиз. Дунёдаги барча мамлакатлар давлат юритиш тизимида ушбу янгиликдан фойдаланмоқда. Энди Президентга хат ёзиб, почта қутисига ташланмайди, бир зумда электрон мурожаат қилиш мумкин. Ёки тўловлар учун навбат кутилмайди, балки уйдан туриб бу ишни бажарса бўлади. Мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Айтмоқчимизки, рақамли технология барча жабҳага кириб борди ва ўз таъсирини кўрсатишни бошлади. Жумладан, оммавий ахборот воситаларида ҳам.

Куни кеча QALAMPIR.UZ Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комилжон Алламжонов билан эълон қилинган интервьюдан сўнг жамиятда яна бир мавзу кун тартибига кўтарилди. Лўнда қилиб айтганда: “Бизга энди газеталар керакми ёки йўқ?”. Бу мавзу атрофида турли фикрлар ўртага ташланмоқда, ҳар ким ўзиникини маъқулламоқда. Фикр бериш, билдириш яхши, бироқ биз кўпинча ҳиссиётга бериламиз ва масаланинг асл моҳияти қолиб, кераксиз хаёллар, манфаатлар ортидан қувиб кетамиз. Интернет таҳририятлари мен “прав” деса, матбуотчилар уларга “тиш қайрайди”. Мана шу жанг майдонига кириб боришга ва ўз фикрларим билан ўртоқлашишга жазм этдим. Зеро бу масалада журналист сифатида фикр билдиришни бурчим, дея билдим.

Даврга мослашув

Инсоният цивилизацияси мослашувлардан ташкил топган. Чунки тараққиёт ана шу мослашувчанликни талаб этади. Буни пайпоқ тўқишдан тортиб, давлат юритиш сиёсатигача бўлган ишларда мисол қила олиш мумкин. Агар сиз ҳарбий салоҳиятингиз билан дунё давлатларни чўчитиб туришни истасангиз, замонавий қуролларга эга бўлишингиз шарт, бусиз бўлмайди. Иқтисодда пулдан, вақтдан ютишни, коррупция ва монополиядан қутилишни истайсизми, марҳамат, рақамли иқтисодиётдан фойдаланиш – давр талаби. ОАВ масаласида ҳам худди шундай дейиш мумкин.

Ўзбекистон ахборот майдонида электрон ОАВ мустаҳкам ўрин эгаллагани ва бу жараён давом этаётгани сир эмас. Бу, ўз вақтида, старт олган омадли ишлардан бири десам муболаға қилмаган бўламан. Вулқондек отилаётган, булоқдек қайнаётган ахборот оламига мослашувчанликда, шиддатли пропагандаларга ўз вақтида жавоб қайтара олишда электрон ОАВ ўз позициясига эга бўлиб улгурди, гарчи айрим камчиликлар кўзга ташланаётган бўлса-да... 

Аммо, афсуски, бу борада босма ОАВ жуда оқсади, ортда қолди. Келинг, сабабларини таҳлил этиб кўрамиз. 

Сабаблар... Босма ОАВ нега оқсаяпти?

Биринчидан, деярли аксари газета ва журналларда ҳали ҳам совет давридаги иш юритиш тизимининг сақланиб қолгани бўлди. Ташаббус ходимлардан эмас, ягона шахсдан чиқиши тўхтамади. Бу ички муҳитга, ходимлар орасида ишчанлик руҳига салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда янгиликка интилиш камаяди, бошлиқнинг айтгани айтган, дегани деган бўлади. Гарчи қуруқ рақамлар ва шон-шараф битилган, ҳеч ким ўқимайдиган мақола бўлса ҳам, чоп этилаверди. Бу эса, табиийки, ўқувчини ўзидан совутишга улгурди.

Иккинчидан, моддий ҳолат. “Энасини кўрсатадиган” мақолалар, фельетонлар ёзадиган, таҳлил ва танқидни жойига қўйиб қоғоз қоралайдиган журналистлар, ижодкорлар йўқ дейсизми, бор. Аммо улар газетага камдан кам мурожаат қиляпти. Чунки, газетанинг тиражи кам, у жонини жабборга бериб ёзган мақолани ё ўқишади, ё ўқишмайди. Бунинг устига ганорар ҳам кам. Оқибатда газета саҳифаларида “тош босадиган” мақолалар камайиб кетди. Бу ҳам уларнинг оммалашувига таъсир кўрсатди.

Учинчидан, газета ва журналларнинг чоп этиш тизими эскирган ва қиммат усулда олиб борилаётгани ҳам унинг фаолиятига жиддий тўсиқ бўлмоқда. Моддий базани таъминлаш, ходимларга маош бериш, унга тўлов, бунга тўлов сабаб – мажбурий обуна каби иллат пайдо бўлишига йўл қўйилди. 

Тўртинчидан, тан олиш керак, босма ОАВ ҳамон замонга мослаша олмаганида. Нега уларнинг саҳифаси ижтимоий тармоқларда фаол эмас. Нега айнан ўша саҳифалар орқали “тандирдан янги узилган” хабарларни топиш мушкул. Ҳозир исталган, тўғрироғи хафсала ва қунт қилган одам ижтимоий тармоқда саҳифа очиб, ақли ва илми етгунича юритяпти. Газетанинг Telegram, Instagram ва Youtube сингари ижтимоий тармоқларда саҳифалари деярли йўқ? Чунки юқорида санаб ўтилган сабабларнинг барчаси бунга тўсқинлик қилади.

Тан олмаслик – иллат...

Дунёда юз бераётган таълим тизимидаги ислоҳотларга ўз вақтида жавоб қайтара олган жадидлар бу соҳага янгилик олиб кирди ва бу ўз самарасини берди. Бу тан олинган тарихий ҳақиқатдир. Ижтимоий тармоқларни, жумладан, электрон ОАВни менсимайдиган, уларга “болалар эрмаги” сифатида қарайдиган, бюрократик фикр юритадиган айрим журналистлар ҳам йўқ эмас. Бир нарсани тўғри тушуниш ва онг ила қабул қилиш лозим: ахборот қай тарзда етказилади: палма дарахти пўстига ёзибми, тошга ўйибми, бўзга чизибми, газетада чоп этилибми ёки интернет орқали эълон қилинибми, гап бу ҳақида кетмаяпти. Гап жаҳон ахборот майдонида мустаҳкам ўрин эгаллаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ходимларни қисқартириш эмас, ижодкорларни янада ишга жалб этиш, шу билан бирга уларни муносиб моддий рағбатлантириш ҳақида боряпти.

Мусулмон киши сочини таги билан билан олдиргани жоизми ёки ўстириб юргани, дея аҳамиятсиз мавзулар устида қир-пичоқ бўлинган бир пайтда бошқалар космосга йўл олди, саратон, ОИТС каби касалликлар билан курашни бошлади. Сиз билан биз тортишиб турган интернет деган “матоҳ”ни кашф этди. Худди шундай ҳозир биз “газета ёки интернет керак”, деган гаплар устида бошимизни қотириб, бир-биримизнинг ёқамизга осилсак, жуда кўп нарсалардан қуруқ қоламиз. Жаҳон ахборот майдонида ўзимизни ўзимиз заифлаштирамиз, кулгуга қоламиз, обрўимизни йўқотамиз. Ҳозир Ғафур Ғуломнинг “Шум бола”сидаги Або Муслимнинг бир урганда қанчалик ерга кирганлари муҳим эмас... Ҳозир “шум бола” бўлса-да, ана шундай асарларни дунёга келтириш муҳим. 

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 92
Рейтинг: 3.2
t
×