Бир пайтлар текин бўлган неъмат: Туркманистонда газдан қарзи борларнинг озиқ-овқат учун навбатда туриши тақиқланди

Олам

image
0:00
0:00
download

Туркманистон ҳукумати табиий газдан қарздорлик сабабли мамлакат шарқидаги Лебап вилояти аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотларидан маҳрум қилмоқда. Ҳукумат аҳолининг газдан қарздор қисмига ёнилғи таъминотини тўхтатиш ва уларнинг мол-мулкини мусодара қилиш билан таҳдид қилмоқда.

Маълум бўлишича, ҳозирда вилоятнинг бир қанча туманларида газ учун қарзларни тўлаш бўйича ҳисоб-китоблар олиб борилмоқда. Тўловни эса фақат нақд пулда амалга ошириш мумкин. Сўнгги йиллардаги чуқур иқтисодий инқироз туфайли мамлакатда нақд пул етарли эмас. Газдан қарзи бор минглаб инсонларга ун, сариёғ ва шакарни имтиёзли нархларда сотиб олиш имконияти берилмаяпти.

Хабарга кўра, қарздорлар рўйхатининг асосини кам таъминланган оилалар ва ногиронлар ташкил этади. Ишсизлик, озиқ-овқат ва дори-дармон етишмовчилиги, нафақаларнинг кечикиши фонида газ масаласи аҳолини очликка маҳкум қилиши мумкин. Шу билан бирга, имтиёзли маҳсулотлар нархи ҳам ўсиб бормоқда, аҳолига тақдим қилинаётган арзонлаштирилган маҳсулотлар нормаси эса сезиларли даражада пасайган.

Шундай қилиб, жорий йилнинг январь ойида уннинг ойлик меъёри одам бошига беш килограммни ташкил қилган бўлса, ҳозир бир оилага беш килограмм берилмоқда. Баъзи ҳудудларда шакар каби бошқа маҳсулотларнинг ҳам ойлик нормаси пасайтирилган. Бу аҳоли норозилигининг кучайишига сабаб бўляпти, улар ҳокимиятдан муаммони ҳал қилишни талаб қилмоқда. Бироқ, расмийлар инқироз мавжудлигини тан олмаяпти.

Қайд этиш керакки, Туркманистонда дунёдаги иккинчи энг йирик газ кони мавжуд. Улкан ресурслар кўп йиллар давомида хароб аҳволда бўлган мамлакат иқтисодиётини қутқара олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 1 январидан Туркманистонда аҳолини табиий газ қаторида электр энергияси, сув ва туз билан бепул таъминлаш тўхтатилди. Аҳоли учун ушбу бирламчи маҳсулотларнинг бепул тарифлари 1993 йилда мамлакатнинг биринчи Президенти Сапармурод Ниёзов томонидан жорий қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

589

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг