Бир ой ичида қанча фуқароларимиз хориждан олиб келинди?
Жамият
−
08 Апрель 2020 8560 2 дақиқа
Пандемия шароитида сўнгги бир ой ичида хорижий давлатлардан 20 та чартер рейс орқали 6 минг, темир йўл ва чегара постлари орқали 10 минг нафар Ўзбекистон фуқаролари олиб келинган. Уларнинг барчаси 160 та манзилга жойлаштирилиб, карантинга олинган.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтди.
Маълумки, давлат раҳбари томонидан коронавирус тарқалишини чеклаш, унинг аҳоли ҳаёти ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Жумладан, Махсус республика комиссияси тузилиб, эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳоли соғлиғини ҳимоя қилиш, карантин режимини жорий этиш бўйича кенг қамровли ишлар йўлга қўйилди.
Тиббиёт муассасаларини шай ҳолга келтириш ва қўшимча қувватларни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Зангиота туманида 10 минг ўринга мўлжалланган махсус шифохона жадал суръатларда қуриляпти. Юқоричирчиқ туманида эса 10 минг кишилик махсус карантин зонаси қурилиб, ўз ишини бошлади. Бу ерда яна қўшимча 10 минг ўринга мўлжалланган карантин қурилиши бошланиб, 15 майгача топширилади.
“Энг муҳими – халқимиз юзага келган вазиятни тўғри баҳолаб, ўз хизмат вазифаларини масофадан туриб бажармоқда, шифокорлар тавсияси ва карантин тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиб, ўзларининг маданияти, онги ва интизоми билан барчага ўрнак бўлмоқда. Ўқувчи ва талаба ёшларимиз онлайн дарс ва машғулотлар орқали таълим олишда давом этмоқда”, – дейди давлат раҳбари.
Тажрибали шифокор профессорлардан иборат махсус штаб тузилиб, ҳар бир беморни даволашда 24 соатлик онлайн маслаҳат бериш йўлга қўйилди. Хитой ва Жанубий Кореядан вирусологлар таклиф қилинди. Россия, Германия, Япония, Туркия каби давлатлар мутахассислари билан ҳам доимий телемедицина алоқалари ўрнатилган.
Live
Барчаси