Бир ой ичида барча туғруқхоналар скрининг текшируви ускуналари билан жиҳозланади
Жамият
−
08 Апрель 2022
4120Энди Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда барча туғруқхоналарни эшитишни скрининг текшируви ускуналари билан жиҳозлаш ва эшитиш ногиронлигини камайтириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 8 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектр йиғилишида мутахасисслар фикрига таяниб, маълум қилди.
Давлат раҳбари йиғилишни 102-сонли эшитиши заиф болалар учун мактаб-интернатида ўтказди.
“Мана ҳозир заиф эшитувчи болалар билан гаплашдим. Кўзларидан гаплашгиси келиб ёниб турибди, аммо фикрини айтолмайди. Ота-онаси учун, мен учун, давлат, жамият учун мусибат бу. Агар барча янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилиятини скрининг қиладиган бўлсак, вақтида зарур чораларни кўриш орқали эшитиш ногиронлигини 60 фоизга камайтириш мумкин экан”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шуни ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда барча туғруқхоналарни эшитишни скрининг текшируви ускуналари билан жиҳозлаш ва эшитиш ногиронлигини камайтириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритишга топшириқ берди.
Шавкат Мирзиёевга кўра, жорий йил Халқ таълими вазирлигига “Zamin” фонди билан ҳамкорликда 2 минг 600 дан зиёд заиф эшитувчи болаларни тиббий текширувдан ўтказиб, уларни эшитиш мосламалари билан таъминлаш чораларини кўради. Эшитиш мосламалари ва кохлеар имплантация ёрдамида эшитиш қобилияти тикланган болалар босқичма-босқич умумтаълим мактабларига ўтказилади ва мактаб-интернатлар оптимизация қилинади.
2022 йилда имконияти чекланган болалар ва катталарни зарур жиҳозлар билан таъминлаш мақсадида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига 31 миллиард сўм маблағ ажратилади. Бунда:
• болалар церебрал фалажи, умуртқа поғонаси касал бўлган шахсларда мустақил юриш функцияларини қайта тиклаш учун 20 дона экзоскелет;
• 880 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга замонавий пультли аравачалар;
• кўзи ожиз болалар ва катталар учун 1 минг 800 дона овозли термометр, 2 минг дона овозли тонометр, 2 минг дона Брайль алифбоси бўйича ёзув мосламалари;
• ногиронлиги бўлган шахслар фавқулодда вазиятларга тушганда уларга тезкор ёрдам кўрсатиш учун 6 мингта смарт-соат, шунингдек етарли миқдорда эшитиш мосламалари харид қилиш назарда тутилади.
Йиғилишда тиббий-ижтимоий муассасалар контингентини тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказиш, уларни манзилли даволаш ва дам олишга йўналтириш шартлиги қатъий белгилаб қўйилди. Соғлиқни сақлаш вазирлигига “Ижтимоий хизмат” электрон платформасини жорий йил 1 майга қадар ишга туширишни таъминлаш топширилди.
LiveБарчаси