Бир марта етти йилга. Қозоғистонда Президентнинг ваколат муддати ўзгартириляпти

Олам 3412
image

Қозоғистонда президентликка икки марта беш йил муддатга сайланиш ўрнига, етти йил муддатга бир марта сайланиш тартибини жорий этиш бўйича конституцияга таклиф этилаётган ўзгартиришлар мамлакатнинг асосий қонунчилигига мос келади. Бу ҳақда республика Конституциявий кенгаши қарорида келтирилган.

“Қозоғистон Республикасининг конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси конституцияга мувофиқ деб топилсин”, дейилади кенгаш қарорида.

Унга кўра, Конституциявий кенгаш президент бир марта етти йиллик муддатга сайланиши тўғрисидаги таклифни конституциявий нормаларга мос келишини қайд этган.

“Конституциянинг 42-моддаси 5-бандининг президентлик ваколатини бир муддат билан чеклашни назарда тутувчи таклиф этилаётган таҳрири олий мансабдор шахс лавозимига сайланган барча шахсларга тенг асосда қўлланилади”, дейилади қарорда.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 1 сентябрь куни халққа йўллаган мурожаатида, биринчи беш йиллик ваколат муддати 2024 йилгача тугамаслигига қарамай, шу йилнинг кузида навбатдан ташқари президентлик сайловларини ўтказишни таклиф қилган. Шу билан бирга, у сайловлардан сўнг президентлик муддатини беш йилдан етти йилгача, лекин қайта сайланиш ҳуқуқисиз ошириш ташаббуси билан чиққан эди. Энди бир шахс кетма-кет икки мартадан ортиқ республика президенти этиб сайланиши мумкин эмас.

2 сентябрь куни “Жана Қозоғистон” (Янги Қозоғистон) депутатлар гуруҳи бўлажак сайловлар олдидан конституцияга етти йиллик президентлик мандатини киритишни ва шу йилнинг кузида президентни етти йиллик муддатга сайлашни таклиф қилган эди. 12 сентябрь куни Тўқаев Конституциявий кенгашдан депутатларнинг ушбу таклифини асосий қонунга мувофиқлигини текширишни сўраган.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 49
Рейтинг: 3.2
t
×