Бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган Зоҳид Рисқиев қамалмайдиган бўлди

3-саҳифа

Жорий йилнинг 9 август куни собиқ “Уммон” гуруҳи хонандаси Зоҳид Рисқиев содир этган йўл-транспорт ҳодисаси, унинг оқибатида бир киши вафот этиши бўйича суд мажлиси бўлиб ўтди ва Риқсиевга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. 

Олий суддан хабар беришларича, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг очиқ суд мажлисида Зоҳид Рисқиевга (1990 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Уммон” гуруҳининг собиқ хонандаси, муқаддам судланмаган) оид жиноят иши кўриб чиқилган. 

Суд Зоҳид Рисқиевга жазо тури ва миқдорини белгилашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, шу билан биргаликда Жиноят кодексининг 7, 8-моддаларида кўрсатиб ўтилган одиллик ва инсонпарварлик тамойиллари ҳамда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги Қарори талабларидан келиб чиққан.

Шунингдек, Зоҳид Рисқиевга жазо тайинлашда, унинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, уларнинг судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб берган фикрини, судланувчининг соғлиғи оғир аҳволда эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми санкциясида назарда тутилган муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, шу билан биргаликда тайинланаётган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамасдан туриб ҳам уни хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган фикрга келиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, тайинланаётган жазони шартли деб ҳисоблаб, синов муддати белгилашни мақсадга мувофиқ деб ҳисобланган.

Шу тариқа жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2023 йил 9 августдаги ҳукмига кўра Зоҳид Рисқиев Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Зоҳид Рисқиевга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини (шартли ҳукм қилиш) қўллаб ва тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгиланди.

Бундан ташқари, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.

Биринчи инстанция судининг ушбу ҳукмидан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made