1 ёшли гўдакдан 86 ёшли бобогача. Хоманаий оиласининг интиҳоси
Таҳлил
−
19:15 3592 5 дақиқа
2026 йилнинг 28 февраль санаси Яқин Шарқ ва бутун дунё сиёсий мувозанатини тубдан ўзгартириб юборган кун сифатида тарихга кирди. Исроил ва АҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг халқаро ҳуқуқ нормаларига зид равишда “Еҳуда қалқони” деб аталган кенг кўламли ҳаво ҳужумлари оқибатида Эроннинг 1989-йилдан буён ўзгармас раҳбари бўлиб келган Оятуллоҳ Али Хоманаий ва унинг оила аъзоларининг катта қисми вафот этди. Ушбу воқеа нафақат бир сулоланинг илдизига болта урилиш, балки минтақадаги ўн йилликлар давомида шаклланган геосиёсий мувозанатнинг парчаланишини англатади.
“Барча эронликлар учун бункер берсангизгина кўчаман”
Оятуллоҳ Хоманаийнинг ҳаёти ва ўлими ўртасидаги сўнгги парда ҳақида унинг Ҳиндистондаги вакили, доктор Абдул Мажид Ҳаким Илоҳий ўта таъсирли ва муҳим маълумотларни очиқлади. Унинг сўзларига кўра, раҳнамо ўз ҳаётини халқидан устун қўймаган. Бу мардона қарор оқибатида у ўз иш жойида қолган ва 28 февраль тонгида рўза оғиз ҳолдаги Хоманаий офисига Нетаньяху режими ва Америка самолётлари тўғридан тўғри зарба берган.
“Оятуллоҳ Хоманаий ўз офисида эди. Хавфсизлик хизмати хатар яқинлигини англаб, бир неча бор ундан офисидан хавфсизроқ бўлган бошқа шаҳарга кўчиб ўтишни сўради. Лекин у кескин рад жавобини берди. У: “Агар сиз 90 миллион эронликни бошқа шаҳарга кўчира олсангиз, мен шундан кейин кўчиб ўтаман”, деди. Шунда унга: “Ҳеч бўлмаса хавфсиз бўлиши учун бункерга тушинг”, деб илтимос қилишди. У эса: “Агар сиз барча эронликлар учун бункер қуриб бера олсангиз, мен ҳам тушаман”, деб жавоб берди...”
Али Хоманаий оиласининг интиҳоси
Зарба берилган вақтда қароргоҳда бўлганлар фақатгина Олий раҳнамо ва унинг рафиқаси эмас эди. Хоманаийнинг икки қизидан бири – Бушра Хоманаийнинг фарзанди, Олий лидернинг набираси Муҳаммадий Гулпайгони, келини Заҳро Ҳаддод Одил, куёви ва жиянлари ҳам вайроналар остида қолган. Бу ҳолат Хоманаий оиласининг нафақат сиёсий, балки биологик давомчиларига ҳам катта зарба бўлди. Доктор Абдул Мажид Ҳаким Илоҳийнинг таъкидлашича, қароргоҳ ўша куни давлат офиси бўлиш билан бир қаторда, балки оила аъзолари жам бўлган хонадон вазифасини ҳам ўтаётган эди.
Ҳужум оқибатида Теҳрон шимолидаги қароргоҳ бутунлай вайрон бўлди. Эрон давлат нашрлари ва халқаро агентликлар ҳалок бўлганлар рўйхатини қуйидагича тасдиқламоқда:
Али Хоманаий – Олий Раҳнамо
Узоқ йиллик етакчи 86 ёшида ўз иш столида ҳалок бўлди. АҚШ ва Исроил разведкалари сунъий йўлдош орқали унинг айнан шу хонада эканлигини тасдиқлаганидан сўнг, нишон аниқ урилган.
Али Хоманаий 1989 йилда Оятуллоҳ Ҳумайний вафотидан сўнг ҳокимиятга келган эди. У нафақат Эроннинг диний раҳбари, балки қуролли кучлар бош қўмондони ва мамлакатнинг стратегик йўналишини белгиловчи мутлақ куч эди.
Мансура Хўжаста Бағирзода – рафиқаси
Раҳнамонинг 79 ёшли рафиқаси Мансура Бағирзода ҳужум пайтида оғир жароҳатланган эди. Шифокорларнинг уринишларига қарамай, 2026 йил 2 март куни у вафот этди. Бағирзода Машҳадда диндор оилада туғилган. Унинг отаси Машҳаддаги машҳур тадбиркор Муҳаммад Исмоил Хўжаста Бағирзода эди. Хоманаийни у билан онаси Хадича Мирдамади таништирган. 1964 йилда Бағирзода 17 ёшида Хоманаийга турмушга чиққан.
Заҳро Ҳаддод Одил – келини
Теҳрон шаҳар кенгаши аъзоси Мейсам Музаффар ва IRIB телеканали хабарига кўра, Хоманаийнинг келини Заҳро ҳам ўша вақтда қароргоҳда бўлган. У кучли портлаш тўлқини оқибатида воқеа жойида ҳалок бўлган. Заҳро Ҳаддод Одил Олий раҳбарнинг руҳоний ва сиёсий доиралардаги таъсири билан танилган ўғилларидан бири Мужтабо Хоманаийнинг турмуш ўртоғи эди.
Бу хабар қилинган ўлимлар Хоманаийнинг куёви ва набираси каби бир нечта оила аъзолари ҳам бомбардимонда ҳалок бўлганлиги ҳақидаги даъволарни янада кучайтиради.
Заҳро Муҳаммадий Гулпайгони – 14 ойлик набира
Ушбу ҳужумнинг энг фожиали қисми – вайроналар остидан Али Хоманаийнинг 14 ойлик набираси, тўнғич қизи Бушронинг фарзанди Заҳро Муҳаммадий Гулпйгонининг жасади топилганидир. “Reuters” ва “Associated Press” агентликлари ушбу маълумотни тарқатиб, воқеанинг инсоний фожиа эканлигини бутун дунёга кўрсатди. Хоманаийнинг расмий саҳифасида ҳам бу маълумот тасдиқланди.
“Ислом инқилоби шаҳид раҳбарининг ёш набираси, у билан бирга шаҳидлик шарафига муяссар бўлган”, дейилади унда.
Исроил ва АҚШ кучлари томонидан ўлдирилган 1 ёш-у 2 ойлик норасиданинг ота тарафдан бобоси Эрон Олий лидери Девонининг раҳбари Муҳаммад Жавод Гулпайгони ҳисобланади. Хоманаийнинг 83 ёшли қудаси бу лавозимда Эрон Олий лидери 1989 йилда ҳокимиятга келгандан бери ишлайди.
Куёви ва жиянлари
Доктор Абдул Мажид Ҳаким Илоҳийнинг сўзларига кўра, ҳужумда раҳнамонинг куёви ҳамда айрим жиянлари ҳам вафот этган. Бу эса оиланинг деярли барча аъзолари бир вақтнинг ўзида нишонга олинганини англатади.
Оятуллоҳ Али Хоманаий ва унинг оиласининг ҳалок бўлиши Яқин Шарқда “янги тартиб” ўрнатилиши йўлидаги энг кескин бурилиш бўлди. Эрон ичида 40 кунлик мотам эълон қилинган бўлса-да, мамлакат ҳозирда жиддий сиёсий ва ҳарбий бўшлиқни бошдан кечирмоқда. Ушбу операция нафақат Эрон раҳбариятини жисмонан йўқ қилиш билан бирга минтақадаги қаршилик кўрсатиш ўқининг марказий устунини қулатди. Келажакда бу воқеа Эронда ғарбга мойил бўлган демократик ўзгаришларга йўл очадими ёки минтақавий “катта уруш”ни бошлаб берадими – буни вақт кўрсатади. Бироқ бир нарса аниқ: 2026 йил 28 февралдан кейин Яқин Шарқ энди аввалгидек бўлмайди.