“Бир ибора учун жиноий иш”. Россиядаги охирги мустақил сиёсатчи панжара ортига кириши мумкин
Олам
−
26 Август 2022
6864Россиянинг Екатеринбург шаҳрининг собиқ мэри Евгений Ройзманга қарши армияни “дискредитация” қилиш айблови билан жиноят иши очилди. У жорий йилнинг 24 август куни қўлга олинди. Бу ҳақда унинг ёрдамчиси Лейла Гусейнова маълум қилган.
Ройзманнинг хайрия жамғармаси ва “Невянск санами” хусусий музейида тинтув ўтказилган.
“Ройзманни қўлга олишди. Улар тинтув ўтказишяпти, бизнинг келишимизни ва ҳамма нарсани очишимизни кутишмоқда. Музейда ҳам тинтув ўтказишмоқчи, аммо ҳозир у ерда ҳам ҳеч ким йўқ”, дея тушунтирган Гусейнова.
Ҳуқуқ-тартибот идораларида собиқ мэрга нисбатан “Қуролли Кучлардан фойдаланишни обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар” моддаси бўйича жиноий иш очилгани маълум қилинган.
Ҳукуматпараст “Ura” нашрининг ёзишича, Ройзманнинг квартирасидан хорижлик дипломатлар ва жамоат арбоблари, жумладан, Украина Хавфсизлик хизмати собиқ раҳбарининг визит карталари топилган.
Шу билан бирга, адвокат Идамжаповнинг айтишича, музей ва Ройзманнинг уйида тинтув ўтказилганда уяли телефондан бошқа ҳеч нарса мусодара қилинмаган. Тинтувлардан сўнг сиёсатчи ИИВнинг Свердловск вилояти бўйича Бош тергов бошқармасига сўроққа олиб кетилган. Идамжапов, шунингдек, Ройзман армияни “обрўсизлантириш” иши бўйича 48 соат ҳибсга олинганини айтган.
Иш Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 280.3-моддаси 1-қисми билан очилган, деган Ройзманнинг ўзи уни квартирадан олиб чиқишда. Ушбу моддага кўра, у уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
“Аслида бир ибора –“Украинага бостириб кириш...” деганим учун иш очишди Мен ҳамма жойда айтганман, ҳозир ҳам айтаман”, дейди Ройзман.
Ройзманга эҳтиёт чораси танлаш бўйича ўтказилган судда судья Оксана Мамонтова сиёсатчига жамоат жойларига бориш, гувоҳлар билан мулоқот қилиш (бирга яшаётганлар бундан мустасно), почта жўнатиш (фақат терговчиларга) ҳамда телефон ва интернет фойдаланишни тақиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Ройзман суд залида озод қилинди. Тергов илтимосномасининг кунига 1 дақиқага уйдан чиқиш имконияти ҳақидаги қисми судья томонидан рад этилди.
Россиядаги сўнгги мустақил сиёсатчи деб билинувчи Евгений Ройзманни қўллаш учун Екатеринбург ва Москвада намойишлар ўтказилди.
Маҳаллий нашрларга кўра, 24 август куни кечқурун Ройзманни қўллаб-қувватлаш учун Екатеринбургдаги “1905 йил” майдонига бир неча ўнлаб одамлар тўпланишган, одамлар Ленин ҳайкали ёнидаги зинапояда ўтиришган. Намойишчилар “ҳукуматимиз одамларни машинада айлантиришни жуда яхши кўради ва вазиятни оғирлаштиришни хоҳламаймиз”, деб тинчгина норозилик билдиришларини айтишган.
Шунга қарамай, полиция иштирокчилардан бирини ҳибсга олиб, акцияни тарқатиб юборган.
Шунингдек, Екатеринбургда сиёсатчининг хусусий музейи ҳамда Москвада Давлат думаси олдида бир кишилик намойишлар бўлиб ўтган.
Қайд этиш керакки, жорий йил баҳорда Ройзман Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг худди шундай моддаси бўйича уч марта жаримага тортилган. Март ойининг охирида Екатеринбургнинг Октябрь суди унга ҳар бири 50 минг рублдан иккита, апрель ойи бошида яна бир жарима солган. Собиқ ҳокимнинг ҳимояси бу қарорлар устидан шикоят қилган, бироқ вилоят суди уларни ўз кучида қолдирган.
Май ойида Ройзман ҳокимиятга ҳурматсизлик қилгани учун яна 85 минг рубль жаримага тортилди. Бунга ижтимоий тармоқларда Ройзман ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳақида ҳақоратли изоҳ қолдиргани сабаб бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь