Бир гуруҳ аёл судьялар тақдирланди

Жамият

image

Бугун, 5 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева иштирокида 10 март – Халқаро аёл судьялар кунига бағишланган тантанали учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

“Мамлакатимиз тарихида илк бор Ўзбекистон аёл судьялари ассоциацияси ташкил этилди ва мен ушбу воқеа муносабати билан барчамизни самимий қутлайман.

Президентимиз томонидан хотин-қизлар ва болаларни зўравонлик ҳамда тазйиқлардан ҳимоя қилишга қаратилган муҳим фармон қабул қилинди. Бу – инсон тақдирини барбод қилиб, жиноятини “анъана” ниқоби остига яширишга, мавқеи ёки мансаби билан хаспўшлашга уринаётган кимсаларга қарши муросасиз қадамдир. Бу борада судьялар ҳал қилувчи ўринга эга: қонун шундай ишлаши керакки, жиноятчи учун баҳона ҳам, “туйнук” ҳам қолмасин”, дейди Саида Мирзиёева.

Шунингдек, у бунга эришиш учун судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва терговга қадар текширув органлари фаолиятининг самарадорлиги, масъулияти янада оширилиши ҳамда зўравонликнинг ҳар қандай ҳолатига реал ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишини маълум қилган.

“Биринчи бор айнан ушбу халқаро сана муносабати билан аёл судьяларимиз давлат мукофотлари билан тақдирландилар. Мен буни қатъияти ва ҳалоллиги билан одил судловни амалга ошираётган инсонларга бўлган юксак ҳурмат ифодаси, деб биламан.

Зўравонлик атрофдагилар сукути ва мазлумларнинг қўрқуви ортига асло яширина олмаслиги керак. Биз ана шундай муҳитни барпо этишни мақсад қилганмиз”, дейди Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари.

Маълумот учун, Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар натижасида сўнгги 10 йилда аёл судьялар сони 2 баробарга ошган. Умуман олганда, Ўзбекистон суд тизимида аёл судьялар улуши 15 фоизни ташкил этиб, 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегиясида ушбу кўрсаткични 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева Халқаро аёл судьялар куни

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг