Билли Айлишдан тортиб Эрон аёлларигача. Йилнинг энг нуфузли аёллари рейтинги эълон қилинди

Бу қизиқ

image

Америкалик қўшиқчи Билли Айлиш, Британия шаҳзодаси Гаррининг рафиқаси – Сассекс герцогиняси Меган Маркл ва спорт фаолиятини якунлаган теннисчи Серена Уильямс энг нуфузли аёллар 25 талик рўйхатига кирди. Ушбу рейтинг “Financial Times” нашри томонидан тузилди.

Мазкур рейтингга АҚШ Олий суди судьяси, биринчи афро-америкалик аёл Кетанжи Браун Жексон, “Yves Saint Laurent” бош директори Франческа Беллеттини, “Citigroup” бош директори Жейн Фрейзер, Финляндия Бош вазири Санна Марин, Колумбия вице-президенти Франсия Маркес ва Покистоннинг иқлим ўзгариши бўйича вазири Шерри Раҳмон кирган.

Бундан ташқари, рўйхатдан Барбадос Бош вазири Миа Моттли, Британия суғурта компанияси раҳбари Аманда Бланк, Amazon асосчиси Жефф Безоснинг собиқ рафиқаси, хайриячи Маккензи Скотт, жамоа билан Европа чемпионатида ғолиб чиққан Англия аёллар футбол жамоаси бош мураббийи Сарина Вигман, “Ҳаммаси, ҳамма жойда, бир вақтнинг ўзида” фильмида роль ўйнаган малайзиялик актриса Мишель Йео, Франциянинг адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори Анни Эрно ўрин олган.

Шунингдек, рўйхатга Украина фуқаро эркинликлари маркази раиси Александра Матвийчук ҳам киритилган.

Йилнинг энг нуфузли аёллари қаторида Қўшма Штатлардаги энг йирик дорихоналар тармоғига эгалик қилувчи CVS Health раҳбари Карен Линч, америкалик ёзувчи Жейми Фиоре Хиггинс ва голландиялик аёлларнинг аборт қилиш ҳуқуқи фаоли Ребекка Гомпертс эътироф этилган.

Шу билан бирга, газета рўйхатга Япония қуруқлик кучларининг собиқ аъзоси Ирина Гонони, бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига чиққан Эрон аёлларини, кениялик эко-фаол Паула Кахумбуни киритган.

Зимбабвелик ёзувчи Цици Дангарембга, немис рассоми Анна Имхоф ва “Мен қизариб кетяпман” анимацион фильмини суратга олган хитой-канадалик режиссёр Доми Ши ҳам ушбу рўйхатдан жой эгаллашга улгурган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made